Эришилган натижалар Қашқадарё вилояти божхона бошқармасининг ўтган 2019 йилда амалга оширилган ишларида ўз аксини топди.
Маълумотларга кўра, вилоятнинг 2019 йилда ташқи савдо айланмаси 1 миллиард 467 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, 2018 йилга (716 миллион 963 минг) нисбатан 749 миллион 910 минг АҚШ долларига ёки 51 фоизга кўпайди.
Албатта, бунда божхона соҳасида амалга оширилган ислоҳотларнинг ҳам ўрни катта. Соҳада яратилган қулайликлар, хусусан, божхона юк декларацияларини масофадан туриб электрон тарзда расмийлаштириш, хавфни бошқариш тизимидаги яшил, сариқ, қизил ва кўк йўлакларнинг ишга туширилиши расмийлаштирув жараёнларини тезлаштирмоқда.
Юқорида қайд этилган қарийб 1,5 миллиард АҚШ долларилик товарларга 30 214 та божхона юк декларациялари 100 фоиз электрон тарзда расмийлаштирилган бўлса, божхона юк декларацияларини расмийлаштирув вақти аввалги 2-3 кун эмас, тезкорлик билан 10 дақиқадан 50 дақиқага қисқартирилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, воҳа тадбиркорлари экспортда ҳам ўсишга эришди. Ушбу давр мобайнида 310 миллион 944 минг АҚШ долларилик мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар дунёнинг элликдан зиёд давлатларига жўнатилди.
– 2019 йилда вилоятнинг экспорт ҳажми ўтган 2018 йилга нисбатан 40 миллион 134 минг АҚШ долларига кўпайди, дейди вилоят божхона бошқармаси бўлим бошлиғи Ш.Вахобов. – Товарлар туридан калий ўғити, полиэтилен грануласи ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари асосий ўринни эгаллади.
Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлида олиб борилаётган чора-тадбирлар аниқ мақсадларга қаратилгани бугун ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида ўз исботини топиб, юксак самарасини бермоқда. Буни биргина ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига яратилган қулайлик ва имконият мисолида ҳам кўриш мумкин.
Яратилган қулайлик ва имкониятлардан самарали ва ўз вақтида фойдаланиш зарур. Бунинг учун, кенг жамоатчилик ўртасида тарғибот ва тушунтириш ишларини амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга.
2019 йил давомида 87 марта семинар, матбуот анжумани, брифинг ва давра суҳбатлари ўтказилди. Тадбирларда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, тадбиркорлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва рухсат берувчи идоралар ходимлари иштирок этди. Шунингдек, чегара ҳудудларда, маҳалла ва овулларда маҳаллий аҳоли вакиллари билан 69 марта учрашувлар ташкил этилди.
Ўтказилган учрашувлар тафсилотлари, қонунчиликдаги ўзгаришлар ва қулайликлар юзасидан республика ва маҳаллий телерадиоканалларда 105 марта, радиода 116 марта чиқишлар амалга оширилган бўлса, матбуот ва интернет сайтларда 137 та мақолалар жойлаштирилди.
Шунингдек, ўтган йилнинг ўзида 457 та ҳолатда умумий қиймати 861 миллион сўмлик божхона қонунбузарлик ҳолатларга чек қўйилди. Қонунбузарлик ҳолатларининг асосий қисмини, яъни 16 таси гиёҳвандлик воситалари, 10 таси қора ва рангли метал парчалари, 19 таси қурол-яроғ ва ўқ-дорилар, 4 таси нефт маҳсулотлари, 9 тадан тамаки ва алкоголли маҳсулотлари ташкил этди.
Хулоса ўрнида айтганда, бугун божхона ходимлари ўзларига юклатилган хизмат вазифаларини чин юракдан бажармоқда. Ҳуқуқ тартибот ва тегишли идоралар билан йўлга қўйилган ҳамкорлик хизмат вазифаларини бажаришда ўзининг самарасини кўрсатмоқда.
Қашқадарё вилоят божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
4.02.2020