Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитасида 2019 йил фаолият якунлари ва 2020 йил учун белгиланган режалар бўйича Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди
5015
Давлат божхона қўмитасида 2019 йил фаолият якунлари ва 2020 йил учун белгиланган режалар бўйича Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди
Давлат божхона қўмитасида 2019 йил фаолият якунлари ва 2020 йил учун белгиланган режалар бўйича Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди

Видеоселектор шаклида ташкил қилинган йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар божхона бошқармалари, “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплекси, Божхона институти ва Миллий кинология маркази шахсий таркиби иштирок этди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқиб, божхона органларининг устувор вазифалари ва амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Мурожаатномада ташқи савдо билан боғлиқ назорат тизими ва инфратузилмани яхшилаш зарурлиги ҳамда хорижий тажрибадан келиб чиқиб, божхона постларида назоратни амалга оширадиган божхона, санитария, карантин, ветеринария ва бошқа идоралар фаолиятини ислоҳ қилиш лозимлигидан келиб чиқиб, тегишли топшириқлар  берилди.

Мурожаатномада таъкидланганидек, тадбиркорлар ҳанузгача ер ажратиш, кадастр, қурилиш, лицензия, божхона, банк, давлат харидлари каби соҳаларда коррупцияга дуч келаётганини Президент номига келиб тушаётган кўплаб мурожаатлар ҳам, матбуот ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишлар ҳам яққол кўрсатиб турибди.

Танқидий-таҳлил руҳида ўтган Ҳайъат йиғилишида асосий эътибор тизимда коррупцияга қарши кескин курашиш ва муросасиз муҳитни шакллантиришга қаратилди.

Ҳайъат йиғилишида маълум қилинишича, давлат бюджетига 17,1 трлн. сўм  божхона тўловлари ундирилиб, белгиланган режа 115,5%га ёки 2,3 трлн. сўм ортиғи билан бажарилди.

Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш йўналишида ўтказилган тадбирлар ва божхона кўриклари натижасида 16,4 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, 193,1 млрд. сўмлик товар-моддий бойликлар олиб қўйилган.

Мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш ва контрабандага қарши курашиш бўйича ўтказилган тадбирлар натижасида 193,1 млрд сўмлик товарлар, 81,1 кг гиёвандлик воситалари, 37 та қурол, 50 кг порох, 9,9 минг дона тақиқланган диний мазмундаги материаллар, 35,7 минг дона психотроп таблеткалар, 3,8 млн дона пиротехника воситалари ашёвий далиллар тариқасида олиб қўйилди.

Президентимиз Мурожаатномада, тараққиётга эришиш учун, рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шартлигини, бу бизга, юксалишнинг энг қисқа йўлидан бор́иш имкониятини беришини,  шу билан бирга, энг оғир иллат – коррупция балосини йўқотишда самарали восит́а эканлигини таъкидладилар.

Ушбу йўналишда божхона тизимида салмоқли ишлар амалга оширилиб, 2019 йилда 16 та ахборот тизимлари ва 10 та интерактив хизматлари ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди (соҳада автоматлаштирилган ахборот тизимлари жами 52 та (ААТ),интерактив хизматлар жами 17 тага етказилди).

Ҳозирда амалиётда божхона органлари томонидан 67 турдаги божхона назоратининг техник воситаларидан фойдаланиб келинмоқда. 2019 йил давомида божхона назоратининг техник воситалари ёрдамида жами 4122 та божхона қонунчилиги бузилиш ҳолатлари аниқланиб, 41,04 млрд. сўмлик товар моддий бойликлар ушлаб қолинди.

Божхона органларида “Хавфни бошқариш” автомалаштирилган ахборот тизими орқали 4 та йўлакда божхона назоратини амалга ошириш тартиби жорий қилиниши натижасида, расмийлаштирув вақти экспортда 4,5 баробарга, импортда 2 баробарга қисқаришига, кўрик самарадорлигини 2 баробарга оширишга, ўтказилаётган кўриклар сонини 1,7 баробарга камайтиришга эришилди.                      

Бу эса Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” рейтингининг “Халқаро савдо” йўналишида Ўзбекистон Республикасининг 13 поғона юқорига кўтарилишига хизмат қилди.

Шунингдек, “Ягона дарча” божхона ахборот тизими 2020 йил 1 январдан муддатидан аввал ишга туширилди, тизимга сертификатлаш, ўсимлик карантини, ветеринария, экология ва санитария-эпидимиология органлари уланиб, 16 та сертификат ва рухсат бериш тусидаги ҳужжатларни, фақат “Ягона дарча” БАТ орқали инсон омилисиз бериш тартиби жорий қилинди.

Йиғилишда “Ягона дарча” божхона ахборот тизимидаги мавжуд камчиликлар танқидий таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш, назорат идоралари ишини мувофиқлаштириш ҳамда келгусидаги вазифалар белгилаб олинди. 

Божхона соҳасида хорижий давлатлар билан халқаро ҳамкорлик йўналишида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди.  2019 йилда 5 та халқаро шартнома имзоланди, замонавий техника воситалари учун 1,7 млн. АҚШ долларлик грант маблағлари жалб қилинди, 6 та йирик ва аҳамиятга молик халқаро тадбирлар ўтказилди.

Аммо, эришилган натижаларга қарамасдан, соҳада ҳамон ўз ечимини кутаётган муаммоли масалалар ҳам борлиги йиғилишда алоҳида қайд қилинди.

Ҳайъат йиғилишида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

4.02.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг