Тадбирда «Ўзстандарт» агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, «Ўздавкарантин» инспекцияси каби ваколатли органларнинг масъул ходимлари ҳам иштирок этишди.
Маълумки, 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб, экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатларни «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали электрон равишда расмийлаштириш йўлга қўйилган эди.
Тизим ишга туширилганига эндигина 1 ой бўлган бўлса-да, ҳозирга келиб ундан 7.5 мингдан ортиқ ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари фойдаланиб келмоқда. Тизим орқали қисқа муддат давомида 30 мингдан ортиқ рухсатнома ва сертификатлар электрон равишда тақдим қилинди.
Аммо, олдинда ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ҳам бор. Очиқ мулоқот давомида тадбиркорлар “Ягона дарча” божхона ахборот тизимдан фойдаланишда кузатилган камчиликлар ва ноқулайликлар юзасидан аниқ таклиф ва мулоҳазаларни билдиришди.
Масалан, тизимда тадбиркорлар томонидан айрим лицензия ва рухсатномаларни олиш учун ариза тўлдириш давомида маълумотларнинг такрорийлиги, ортиқча маълумотларнинг киритилиши каби ҳолатлар кузатилган.
Очиқ мулоқот давомида билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида “Ягона дарча” божхона ахборот тизимида қисқа фурсатда бир қатор ўзгаришлар амалга оширилади, сертификат ва рухсатномаларни олиш учун аризаларни электрон тўлдиришда аксарият бандлар оптималлаштирилади.
3.02.2020