Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 январдаги “Озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар бўлган маҳсулотларнинг Ўзбекистон Республикасига импортини тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 17-сон қарорига кўра, 2018-2030 йиллар давомида озонни бузувчи моддаларнинг Ўзбекистон Республикасига импорти учун квоталар асосида амалга оширилиши қайд этилган.
Яқинда Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Арк булоқ” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан мазкур талабларга зид равишда озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар бўлган маҳсулотларни мамлакатимизга олиб кириш ҳолати фош этилди.
Жумладан, хориждан пойтахтимизда фаолият юритувчи корхона номига келган 300 дона “Фреон” товарларини божхона назоратидан ўтказиш натижасида баллоннинг устки қисмида “R134a” кўрсатилганлиги, тақдим этилган ҳужжатларда эса ушбу товарлар “R410a” билан кўрсатилганлиги божхона ходимларини шубҳалантиргани сабабли, мазкур товарлар экспертизадан ўтказилди.
Экспертиза натижасида товарларнинг 200 донаси “R 22/ГХФУ 22” турдаги фреон эканлиги ҳамда бу турдаги товарларни мамлакатимизга олиб кириш қатъий квоталанган ва Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг рухсати талаб қилиниши маълум бўлди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
3.02.2020