Яқинда Қашқадарё вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида, “Косон-Қарши” йўналишида ҳаракатланаётган фуқаро Баратов Одил (барча исм шарифлар ўзгартирилган) бошқарувидаги “Нексия” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб кўздан кечирилганда автомашина салонида ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган қиймати 4,1 миллион сўмлик турли ҳажмдаги елим идишларда жойланган 720 литр дизель ёқилғиси борлиги ҳолати аниқланди.
Яна бир ҳолатда, Қарши шаҳридаги Арабхона маҳалласида жойлашган ёқилғи қуйиш шахобчасида тўхтаб турган фуқаро Суюнов Пардага тегишли “Нексия” русумли автомашина ҳам шубҳа остига олиниб, ҳолислар иштирокида кўздан кечирилганда, автомашина салонида ҳужжатлари бўлмаган қиймати 3,5 миллион сўмлик турли ҳажмдаги елим идишларда жойланган 580 литр дизель ёқилғиси ҳамда ушбу ёқилғини қуйишда фойдаланиладиган бир дона электронасос борлиги аниқланди.
Якунда ашёвий далил сифатида олинган 1 300 литр дизель ёқилғиси Нишон туманидаги ”Учқун” хусусий корхонасига вақтинча сақловга топширилган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан текширув ва суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.
Қашқадарё вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
19.08.2018