Ислом Каримов туғилиб ўсган ва айни пайтда мангу ором топган Самарқанд шаҳрида ҳам халқимизнинг буюк фарзанди ёд этилмоқда.
Бугун эрта тонгда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов ва жамоатчилик вакиллари шаҳардаги Ислом Каримов мақбара-мажмуасини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилинди.
Шундан сўнг вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳарбий хизматчилар, божхона ходимлари, таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва талабалар Регистон майдони яқинида ўрнатилган Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйиб, ҳурмат бажо келтирди.
Вилоятдаги таълим муассасалари, музейлар ва бошқа муассасаларда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг ҳаёти ва серқирра фаолиятига бағишланган давра суҳбатлари, илмий-амалий анжуманлар ўтказилмоқда.
Шунингдек, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ҳам Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи вилоят кенгаши ўзаро ҳамкорликда 30 январь Ислом Каримов таваллуди куни муносабати билан Термиз шаҳридаги 4-сон ихтисослаштирилган мактаб интернатида ўқувчи ёшлар билан “Сиз доимо қалбимизда, юрагимиздасиз!” шиори остида ташкил қилинган учрашув ҳам юқори савияда, таъсирчан руҳда ва аниқ ҳаётий мисоллар асосида ўтказилди.
Ислом Каримов бутун ҳаёти ва фаолиятини юртимизда янги давлат, янги жамият барпо этиш, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, ўзбек номини, Ўзбекистон номини бутун дунёга тараннум этишдек улуғ мақсадга бағишлади. Халқимиз мамлакатимизда истиқлол йўлларида амалга оширилган улкан ўзгаришлар замирида И.Каримовнинг улкан хизматлари ётади. Шунингдек. Ислом Каримов юртимизда тинчлик-осойишталикни, миллатлар ва фуқаролар ўртасида тотувлик ва ҳамжиҳатликни қарор топтириш, уни сақлаш ҳамда мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса қўшди.
Учрашувда, мутасаддилар томонидан ёшларга Ислом Каримовнинг серқирра фаолияти, Ўзбекистон Республикасини мустақил ва демократик давлатга айлантиришдаги буюк тарихий хизматлари, мамлакатимизда таълим, фан ва маданиятни ривожлантиришда амалга оширган беқиёс ишлари самараларига бағишланган маърузалар қилинди. Уларда буюк давлат арбоби раҳнамолигида мамлакатимизда таълим тизими тубдан ислоҳ этилиб, эртанги кунимизнинг муносиб давомчилари бўлган баркамол авлодни вояга етказишга алоҳида эътибор қаратилгани сўзга чиққанлар томонидан таъкидлаб ўтилди.
Дарҳақиқат, “Тарихий хотирасиз келажак йўқ”. Тарих эса ўзининг фидойи, шижоатли ва элпарвар фарзандини унутмайди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, ўзбек халқининг буюк фарзанди Ислом Каримовнинг сўнмас хотираси барча юртдошларимиз ва халқимизнинг қалбида абадий сақланиб қолади.
30.01.2020