Ушбу мақсадда муқобил текширувлар ва режадан ташқари текширувларнинг барча турлари бекор қилинди, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги бир қатор лицензияланадиган фаолият турлари ва рухсат бериш тартиб-таомиллари қисқартирилди ҳамда соддалаштирилди. Мазкур чора-тадбирлар мамлакатда ишбилармонлик муҳитини ривожлантиришга ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро миқёсдаги рейтингига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, тадбиркорлик фаолияти соҳасида бир қатор тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда, уларнинг ҳал этилиши бизнесни ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, мамлакатга хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатли ҳимоясини таъминлаш имконини беради.
Шу мақсадда, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Хоразм вилоят ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда вилоят божхона, прокуратура, солиқ идоралари ходимлари иштирокида “Тадбиркорлар томонидан содир этилаётган камчиликлар, айниқса жиноятларни танқидий муҳокама қилиш, бартараф этиш ва профилактика қилишга кўмаклашиш бўйича чора-тадбирлар” масаласига бағишланган очиқ семинар бўлиб ўтди.
Семинар мобайнида соҳа мутахассислари томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида тадбиркорлик субъектлари томонидан содир этилган қонунбузилиш ҳолатлари, ҳуқуқбузарликларни содир этилиши сабаблари ва имкон яратаётган шарт-шароитлар танқидий муҳокама қилинди.
Учрашувда юртимизда инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, тадбиркорлик субъектлари учун қулай имконият ва шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратиш, хусусан, чекка ҳудудларда тадбиркорлар фаолиятида инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш масалалари хусусида сўз юритилди.
Жумладан, божхона соҳасини ўзини оладиган бўлсак, мамлакатни экспорт салоҳиятини ошириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш орқали импортни ўрнини босувчи сифатли, рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқаришда тадбиркорлик субъектларига жуда катта қулайликлар ва эркинликлар яратилмоқда. Қўлланилаётган имтиёзларнинг катта қисмини тадбиркорлик субъектлари учун қўлланилаётган имтиёзлар ташкил этади.
Шунингдек, жорий йилда солиқ қонунчилигига киритилган янгиликларнинг тадбиркорлик фаолиятига қулайлиги ва солиқ соҳасидаги имтиёзларнинг афзалликлари хусусида батафсил маълумотлар берилди.
Шу билан бир қаторда семинар давомида тадбиркорлар томонидан содир этилаётган жиноятлар учун белгиланган жавобгарлик, коррупция моҳияти ва унга қарши курашиш масаласи бўйича атрофлича тушунтиришлар берилди.
Тадбирда тадбиркорлар доирасида қонунийликни мустаҳкамлаш, янги қабул қилинаётган қонун ҳужжатларни жойларда самарали ижро этилиши, мавжуд муаммолар ечимини топиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқий онги ва бизнес юритиш маданиятини юксалтириш ва ижтимоий масъулиятини ошириш ҳусусида ҳам кенг фикр алмашилди.
Учрашувда тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар олишди.
Хоразм вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
19.08.2018