Шунингдек, Жаҳон божхона ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган “Жаҳонда савдони енгиллаштириш ва хавфсизлигининг ҳадли стандартлари”га асосан ҳалол, божхона қонун-қоидаларига амал қилувчи ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига қулайликлар яратиш, ортиқча расмиятчиликларни бартараф этган ҳолда, божхона расмийлаштируви жараёнини соддалаштириш, унга кетадиган вақтни қисқартириш божхона органлари фаолиятининг асосий мезони сифатида келтирилган.
Бу борада, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги қонунига асосан божхона органларига жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатларини ҳамда ўз ваколати доирасида Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва унинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш вазифаси юклатилган бўлиб, божхона органлари фаолиятининг асосий принциплари сифатида қонунийлик, ягоналик, очиқлик ва шаффофлик, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда ушбу ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларни ҳурмат қилиш белгилаб берилган.
Шу муносабат билан, божхона органлари томонидан бу борада бир қатор диққатга сазовор ишлар амалга оширилганлигига тўхталиб ўтиш жоиз. Жумладан, божхона органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш натижасида иқтисодий сарҳадларимиз орқали олиб ўтиладиган товарлар бўйича божхона расмийлаштируви жараёнига электрон декларациялаш, даврий декларация, ваколатли иқтисодий операторлар, хавфни бошқариш тизимларининг тадбиқ қилиниши ва ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари божхона брокерларига мурожаат қилмасдан божхона юк декларацияларини интернет тармоғи орқали реал вақт режимида тўлдириш ва божхона органларига тақдим этиш имконияти берилганлиги, божхона расмийлаштируви жараёнининг очиқлиги, шаффофлигини таъминлаб, унга кетадиган вақтнинг кескин қисқаришига олиб келди.
Шунингдек, божхона расмийлаштируви жараёнига “Ягона дарча” тизимини (божхона терминалларидаги давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг асосий функциялари“Ягона дарча” тамойили асосида божхона, банк, логистика, тезкор-лаборатория, фитосанитар, ветеринар, санитар-эпидемиологик, экологик, сертификатлаштириш ва бошқа хизматларни кўрсатишдан иборатлиги)жорий этиш, товарлар ва йўловчиларни божхона назоратидан ўтказишнинг мобиль ва стационар сканер қилувчи қурилмалари имкониятларидан кенг фойдаланиш божхона расмийлаштируви жараёнинни соддалаштириш, ортиқча расмиятчиликларни олдини олиш имкониятини беради.
Ҳозирги пайтда, божхона расмийлаштируви жараёнига инсон омили таъсирини кескин камайтириш мақсадида, божхона органларининг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими томонидан божхона расмийлаштирувини автоматлаштирилган тарзда амалга оширишни божхона органлари фаолиятига тадбиқ қилиш борасида ишлар олиб борилмоқда.
Юқорида келтирилганлар, мамлакатимизнинг иқтисодий сарҳадлари дахлсизлиги таъминланганлигининг, божхона расмийлаштируви жараёнлари халқаро андозалар даражасида ташкил этилаётганлигининг ва иқтисодий сарҳадларимиз хавфсизлиги мустаҳкам қўлларда эканлигинининг далолатидир.
Олим Дадабаев
Божхона институти
катта ўқитувчиси,
божхона хизмати подполковниги
29.01.2020