Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Касбим - фахрим
2313
Касбнинг яхши ёмони бўлмайди.Ҳар бир касб инсонни бирор жиҳати билан ўзига жалб этади.

Ёшликда  ҳарбий учувчи бўлиш ёки чегара қўшинлари таркибида давлат сарҳадлари осойишталигини сақловчи ҳарбийлар сафида бўлиш ҳамманинг ҳам орзуси бўлган десам муболаға бўлмайди. Шунингдек, бирор-бир мамлакатга борилганда аэропортларда чегарачилар билан ёнма-ён турувчи божхоначилар ҳам ўзларининг бежирим формали кийимлари билан ёшларни ўзига жалб этади.

Туради чегарада,

Ўлчови инсоф, виждон.

Сарҳадлар назоратда,

Сергакдир бу мард  ўғлон.

 

Божхоначи қандай касб? Ўз фаолиятида қайси тамойилларга ассосланади?

Божхоначиларнинг асосий фаолияти давлат  ва божхона чегаралари орқали олиб ўтилаётган товарлар ва шахслар назоратини таъминлаган ҳолда давлат бюджетига бож тўловларини ундиришдан иборатдир. Ўз фаолияти давомида божхоначилар адолат, инсоф, виждон тамойилларига асосланди. Адолат – қонун устуворлиги тамойили асосида қонун ҳужжатлари талабларини бажарилишини назорат қилишдан иборатдир.

Асосий шиоридир,

Инсоф, виждон, адолат,

Бугунги душманидир,

Лоқайдлик ва жаҳолат.

 

Чегарачилар давлат сарҳадлари қўриқчилари бўлишса, божхоначилар эса иқтисодий сарҳадларимиз посбонлари сифатида гавдаланади.

Иқтисодий сарҳадлар,

Хавфсизлигин таъминлаб,

Божхоначи лочинлар,

Турар юрт тинчин пойлаб.

 

Давлатга, тегишли стандартларга жавоб бермайдиган сифатсиз, нопок товарларни киришини олдини олиш, интеллектуаль мулк объектларини ҳимоя қилиш, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига кенг имкониятлар яратиш, замонавий ахборот коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда божхона расмийлаштируви жараёнини қисқартириш, соддалаштириш, унинг шаффолигини таъминлаш, давлат бюджетига божхона тўловларини ундириш, ўз ваколати доирасида давлат иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш божхона органларининг бугунги кундаги долзарб вазифалари ҳисобланади.

Ҳеч қандайин нобакор,

Ўта олмас тўсиқдан,

Сифатсиз, нопок товар,

Кира олмас тешикдан.

 

Божхона органларида ўз касбига виждонан, инсоф ва адолат тамойиллари асосида ёндошадиган ходимлар кўпчиликни ташкил этади.

Божхонада жуда кўп,

Юртга фидойилар бор.

Виждон, инсоф, адолат,

Доим уларга шиор.

 

Мен ҳам тақдир тақозоси ва ўз интилишларим натижасида божхоначи касбини танладим. Ўз касбимдан фахрланаман. Божхона органларидаги йигирма йилдан ортиқ хизмат фаолиятим натижасида кўплаб шогирдлар ва фарзандларни ҳалоллик, ўз ишига виждонан ёндошиш, сабрли бўлиш, адолатни таъминлаш руҳида тарбияладим.

Биз ҳам қилиб шу касбни,

Фарзанд боқдик, ўқитдик,

Ҳалол бериб луқмани,

Муродга, бахтга етдик.

Божхоначи касбини қандай эгаллаш мумкин?

Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти божхона органларига билимли, малакали, етук ходимларни етиштириш маскани ҳисобланади. У ерда “Божхона иши” ва “Юриспруденция” таълим йўналишлари бўйича мутахассислар таёрланади.Курсантлар тўрт йил давомида формали кийим бош, ётоқ-жой, 3 маҳал иссиқ овқат, стипендия билан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўлиқ таъминланган ҳолда ўқийди.

Ҳозирги пайтда касб танлаш ниятида юрган ва божхона органларида хизмат қилаётган ёшларга тилагим шуки, танлаган касбингиздан фахрланинг, интилишдан тўхтаманг, билимингизни доим ошириб боринг, ўз ишингизга виждонан, адолатли ёндошинг - бу эса шу касбда узоқ муддат хизмат қилиш, эътибор қозониш кафолатидир.

Божхоначи деган касб,

Шарафли ният бўлсин,

Божхоначи ёшларнинг,

Кўкси шуҳратга тўлсин.

 

О. Дадабаев,

Божхона институти

катта ўқитувчиси,

божхона хизмати подполковниги.

28.01.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг