Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Умумхалқ ҳашари божхона органларида ҳам кўтаринки руҳда бўлиб ўтди (ФОТОРЕПОРТАЖ)
1943
Мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллиги ва муқаддас Қурбон ҳайити арафасида ташкил этилган ҳашарда республикамиз божхоначилари ҳам фаол иштирок этиб, божхона бошқармалари, чегара-божхона постлари ва бошқа таркибий тузилмаларда кенг кўламдаги ободонлаштириш-тозалаш ишларини амалга оширишди. Қуйида ҳудудларда ўтказилган ҳашарлардан фоторепортажни тақдим қиламиз.
Умумхалқ ҳашари божхона органларида ҳам кўтаринки руҳда бўлиб ўтди (ФОТОРЕПОРТАЖ)

Давлат божхона қўмитасида ўтказилган ҳашарда шахсий таркиб ва эркин ёлланган ходимлар ўзларига бириктирилган ҳудудларда ободонлаштириш ишларини амалга оширишди. Шу куни ҳар бир ходимни кузатар эканмиз, уларнинг чеҳраларида мамнунлик қиёфасини кўрдик. Бу ҳам бўлса, шу юрт ободлиги учун оз бўлса-да ўз ҳиссасини қўша олиш бахтидан далолатдир.

Бухоро вилояти божхона бошқармасида ташкил этилган ҳашарда ходимлар бирдамлик билан шу масканнинг янада обод ва кўркамлигига ўз ҳиссаларини қўшишни мақсад қилишди.

Кўтаринки кайфиятдаги иш куни аввалида, бошқарма ҳовлисида саф тортган божхоначилар ўзларига бириктирилган ҳудудларни аниқлаб олиб, иш бошлашди. Кун давомида ходимлар, ҳудудни тозалаш, дарахтларни оқлаш, атрофни чиқиндилардан тозалаш ишларни ҳамжиҳатликда амалга оширишди. Шунингдек, бошқарма биносидаги дераза ойналари ва ҳудудни муҳофазаловчи панжараларни ҳам чанг-ғуборлардан тозалаш ишлари амалга оширилди.

Фарғона вилояти божхона бошқармаси ва унинг тасарруфидаги барча божхона пост ҳудудларига тегишли бино ва худуд атрофлари, ариқлар ва кўча йўлакчалари тозаланди, Божхона худуди атрофидаги дарахтлар оқланди. Бошқарма ва постлардаги хоналарида тозалик ишлари олиб борилиб, эшик ва деразалар ювиб тозаланди. Ушбу йирик ободонлаштириш ҳаракатида божхона бошқармасининг 250 дан ортиқ ходимлари фаол иштирок этишди.

Қашқадарё вилоят божхона бошқармасида бўлиб ўтган ҳашар  энг аввало божхоначилардаги юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига дахлдорлик ҳиссини яна бир карра намоён қилди.

Ҳашарда барча ходимлар фаол иштирок этиб, ўзларига бириктирилган ҳудудларда тозалаш ишларини олиб борди. Олиб борилган ишлар натижасида дарахтлар таглари юмшатилиб, оқланди. Теварак-атроф ортиқча шох-шаббалардан тозаланиб, санитария ҳолати яхшиланди.

Навоий вилояти божхона бошқармасида бўлиб ўтган ҳашарда ҳам азалдан халқимизга хос орасталик ва озодалик яна бир карра намоён бўлди. Қизғин тайёргарлик ва кўтаринки руҳ билан бошланган мазкур тадбирда бошқарма биноси ва барча божхона пост ҳудудларига тегишли бино ҳовлилари атрофлари, ариқлар ва кўча йўлакчалари тозаланиб, кўчаларга сувлар сепилди. Бино атрофидаги дарахтлар оқланиб, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Ушбу йирик ободонлаштириш ҳаракатида божхона бошқармасининг 100 дан ортиқ ходимлари фаол иштирок этишди.

Наманган вилояти божхона бошқармасидаги хайрия ҳашарида шаҳодатланган ходимлар ва ёрдамчи хизмат кўрсатувчи ходимлар иштирок этиб, бошқарма ва божхона постлари худуди, маъмурий бинолари, хизмат хоналарини санитария ҳолатини тартибга келтиришди, ерларга агротехник ишлов берилиб, чиқиндилардан тозаланди. Дарахт ва бардюрлар оқланди. Бетон тўсиқлар, шлагбаум ва кўрсатиш белгиларини бўяш ишлари амалга оширилди.

Хоразм вилояти божхона бошқармасида бўлиб ўтган ҳашар ҳам божхоначилар орасида миллий қадриятларимизга хос бўлган ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни янада кучайтириш, беғараз ёрдам, меҳр-мурувват каби эзгу фазилатларни юксалтиришга хизмат қилди дейиш мумкин. Хоразм вилояти божхона бошқармаси маъмурий биноси ва унга қарашли барча ташқи иқтисодий фаолият ҳамда узоқ чегара божхона постларида ўтказилтган хайрия ҳашари юксак савияда ташкил этилди.

Мухтасар айтганда, ҳашар республикамиз божхоначиларининг Ватан равнақи учун фидойи бўлиш, уни янада обод этиш иштиёқида яшаш, шу билан бирга, халқимиз руҳиятини кўтариш, миллий қадриятларимизни улуғлаш ва энг улуғ, энг азиз байрамимизни муносиб кутиб олишга хизмат қилади.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

18.08.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг