Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар қаторида божхона органлари фаолиятини тубдан ўзгартириш, давлатимиз ва халқимизнинг божхоначи деган шарафли касб соҳибларига бўлган ҳурмат эътиборини ошириш, ходимларни ижтимоий муҳофазасини яхшилашга қаратилган жиддий ўзгаришлар рўй бермоқда.
Бунга ёрқин мисол сифатида Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 22 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонунига асосан 26 январь – Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни – божхоначиларнинг касб байрами этиб белгиланганлигида кўришимиз мумкин.
Жумладан, 26 январь – Давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни Хоразм вилояти божхона бошқармасида ҳам муносиб нишонланди. Байрам тадбири мадҳиямиз садолари остида очиб берилди.
Тадбирда Давлат божхона қўмитаси Раисининг йўллаган байрам табригини бошқарма бошлиғи Кобилжон Рахманов ўқиб эшиттирди ва йиғилганларни байрам билан самимий табриклаб, барча соҳаларда бўлгани каби божхона тизимида ҳам бўлаётган ислоҳотлар ва эришилган ютуқлар тўғрисида тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг, божхона органларида узоқ йиллар хизмат қилган, айни дамда нафақада бўлган божхона фахрийлари Давлат божхона қўмитасининг “Давлат божхона хизмати фахрий ходими” кўкрак нишони билан тақдирландилар.
Шу билан бирга хизмат вазифаларига виждонан ва сидқидилдан ёндошиб ўрнак кўрсатиб хизмат қилаётган бир гуруҳ ходимларга Давлат божхона қўмитаси ва бошқарманинг фахрий ёрлиқлари ҳамда совғалари топширилди.
Шунингдек, байрам муносабати билан навбатдаги махсус унвонлар топширилди.
Хоразм вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
27.01.2020