Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Экспорт товарларидаги номувофиқликнинг олди олинди
787
Бугунги кунда давлатимиз Раҳбари ва Ҳукумати томонидан олиб борилаётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасидаги кенг қамровли амалий ишлар улар фаолияти ривожланишининг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда.

Барча соҳаларда, тадбиркорларга енгилликлар ва янада қулайликлар яратиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар каби давлат божхона хизмати органларида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 октябрдаги “Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3978-сон қарори асосида, божхона қонун ҳужжатлари бузилиши
хавфи белгилари аниқланган ҳолатлардан ташқари экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан ўтказилмаслиги,
ўз навбатида ҳужжатларда мавжуд маълумотларнинг ишончлилиги, шунингдек, товарларни Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан ноқонуний олиб ўтиш учун экспорт қилувчи жавобгарлиги белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги “Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ­-5582-сон Фармони асосида тадбиркорликка кенг қамровли енгилликларни назарда тутувчи “Хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизими” жорий этилди.

Мазкур тизим амалиётга татбиқ этилган даврдан буён тадбиркорларнинг 70% атрофидаги экспорт-импорт операциялари соддалаштирилган тартибда божхона назоратидан ўтказилмоқда.

Қонунчилик билан мустаҳкамланган мана шундай имкониятларга қарамасдан айрим “тадбиркорлик субъектлари” томонидан яратилган енгилликлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланган ҳолда, турли суиистеъмолчиликларга йўл қўйиш ҳолатлари кўплаб аниқланмоқда.

Мисол учун: 2020 йил 22 январь куни Давлат божхона қўмитаси Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Навоий” чегара божхона пости орқали Қозоғистон Республикасига чиқиш учун келган, жўнатувчи “CRISTALL TOP BUSINESS” МЧЖ томонидан давлат рақами 202ААY05/02UEZ05 бўлган ВОЛЬВО русумли автотранспорт воситасига юклаб жўнатилган юқоридаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида божхона органи томонидан соддалаштирилган божхона назорати шакли қўлланилган товарларнинг белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилиши натижасида товар ва транспорт кузатув ҳужжатларида кўрсатилган товарлар тўғрисидаги маълумотлар билан божхона кўриги натижасида аниқланган товарларнинг оғирликларида турли даражадаги номувофиқликлар аниқланган.

Шу каби ҳолат, 2020 йил 22 ва 23 январь кунлари давлат рақамлари 01A406XA/014365AA ва 01V048EA/013826AA бўлган автотранспорт воситаларига “ALPEN WOOD EXPORT” МЧЖ томонидан юклаб жўнатилган товарлар бўйича ҳам аниқланган.

Мазкур ҳолатлар ўз навбатида тадбиркорлик субъектлари томонидан Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетига тушадиган турли солиқлардан қочиш, экспорт-импорт операциялари бўйича статистик маълумотларнинг нотўғри шаклланиши, экспорт прогноз кўрсаткичларни белгилашдаги номувофиқликлар юзага келиши каби салбий оқибатларга олиб келишига, пировардида, фуқароларимизда ҳалол ва соф рақобат муҳитида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятига турли қарашлар шаклланишига омил бўлиб хизмат қилади.

Шу билан бирга, бундай ҳолатлар Ўзбекистон Республикаси тадбиркорлик субъектлари товарларига нисбатан хорижий давлатлар ваколатли идоралари томонидан ўтказиладиган божхона назоратининг тўлиқ шакллари қўлланилишига, давлатлараро келишилган соддалаштирилган механизмлар имкониятларидан фойдаланиш имкониятларининг чекланишига, бу эса давлат-тадбиркор-хорижий ҳамкор тизими бўйича айрим тушунмовчиликларнинг юзага келиши каби ностандарт вазиятларга олиб келади.

Юқорида қайд этилган енгилликлар, олиб борилаётган амалий ишлар каби ислоҳотлар самарасини тўлақонли кўрсатиб бериш, фуқароларимиз ишончини оқлаш, давлат ва халқ манфаатларини ифода этиш мақсадида, иқтисодиётимизнинг қон томирлари бўлган тадбиркорлик субъектларидан амалдаги қонунчилик талабларига риоя қилган ҳолда фаолият олиб боришларини сўраймиз.

Давлат божхона қўмитаси

27.01.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг