Шундай жиноят турлари ҳам борки уларни ҳеч шубҳасиз ижтимоий нуқтаи назардан ўта хавфи катта жиноятлар деб аташ мумкин. Бугунги кунга келиб коррупция ҳам шу қадар хафли тус олдики у дунё ҳамжамияти томонидан ижтимоий оқибати бўйича терроризм, одам савдоси, наркобизнес каби жиноятлар қаторида кўрилмоқда ва бунинг учун тўлиқ асос бор албатта.
Ҳисоб-китобларга кўра, айни дамда дунёда кўплаб жиноятларга сабаб бўлаётган нафс балоси, яъни коррупция натижасида йилига бир триллион доллардан ортиқ маблағ ўзлаштирилади. Аммо бу фақатгина моддий зарар. Коррупциянинг маънавий зиёни эса унданда хавфли албатта.
Шу ўринда коррупция нима сабабдан пайдо бўлади, қандай омиллар уни кенг илдиз отишига шароит яратади деган ҳақли савол туғилади. Халқаро экспертлар фикрига кўра, коррупция қуйидаги омиллар натижасида вужудга келади.
Икки хил маънони англатувчи қонунлар — ушбу вазият ҳуқуқни қўлловчи мансабдор шахс томонидан қонунларни турлича қўллаш имконини яратади. Шунингдек, айрим мутахассислар жиноят маъмурий қонунчиликдаги айрим санкцияларни ҳам коррупцияга қулай шароит яратиши мумкинлиги ҳақида фикр юритишган.
Аҳоли ҳуқуқий саводхонлигининг пастлиги — аҳоли томонидан қонунларни билмаслик ёки тушунмаслиги мансабдор шахсга ўзининг шахсий манфаати йўлида қонунлардан фойдаланишга қулай шароит яратади.
Мамлакатимизда ҳам коррупцияга қарши кураш, унинг салбий оқибатларини кенг жамотчиликка эътироф этиш, энг муҳими жамиятда коррупцияга қарши ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Жумладан, БМТнинг Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги конвенциясига аъзо бўлиниши, “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг Қонунининг қабул қилиниши ватанимизда бу борадаги амалга оширилаётган ишларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлади.
Албатта бу каби қонунчилик нормалари реал ҳаётда ўз самарасини тўлақонли ифода этиши, содда қилиб айтганда қонун амалда ишлаши учун ҳар бир фуқаро ўзининг мустаҳкам позициясига, ўз эътиқодига эга бўлиши лозим. Зеро Президентимиз таъкидлаганларидек, “Коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз. Бу иллат билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир жамоа жиддий курашиши керак...”
Шундай экан, биргина шахс эмас бутун инсоният келажагига таҳдид бўлган коррупция иллатига қарши кураш ҳар бир шахснинг фуқаролик бурчидир.
24.01.2020