Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ўзбекистон ва Қозоғистон божхона раҳбарлари “Яллама”да учрашди
2785
2018 йил 18 август куни Тошкент вилояти божхона бошқармасининг «Яллама» чегара-божхона постида Давлат божхона қўмитаси раиси М.Азимов ва Қозоғистон Давлат даромадлари қўмитаси раиси А.Тенгебаев ўртасида ишчи учрашув ташкил қилинди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон божхона раҳбарлари “Яллама”да учрашди

Унда асосий эътибор сўнгги вақтларда Ўзбекистоннинг “Яллама” чегара-божхона постига туташ жойлашган Қозоғистоннинг “Б.Конисбаев” чегара-божхона постида кузатилаётган юк автомашиналарининг тирбандлиги сабабларини ўрганиш ва бартараф этишга қаратилди.

Муҳокамалар давомида маълум бўлишича, мавжуд вазиятнинг юзага келишида иккала мамлакат ўртасида яқин қўшничилик ва иқтисодий ҳамкорликнинг ривожланиши ортидан товар айланмасининг ҳам тобора ошиб бораётганлиги асосий сабаблардан бири сифатида эътироф этилди.

Таҳлилларга кўра, Ўзбекистон – Қозоғистон чегарасида жойлашган ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланаётган юк автотранспорт воситалари сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 65 % га ошган. Бу эса  ҳар иккала томон чегара – божхона постларининг ўтказиш қобилиятини янада оширишни тақозо этади.

Учрашувда томонлар мазкур масалани ҳал этишнинг аниқ амалий чораларини белгилаб олишди.

Келишувга кўра, эндиликда пост орқали фуқаролар ва транспорт воситаларининг ҳаракатини видео-кузатув тизими орқали “онлайн” тарзда назорат қилиш, кунлик мониторинг натижаларини нафақат чегара-божхона постлари даражасида, балки ҳудудий тузилма ва марказий аппаратлар ҳам ўзаро кунлик алмашиб туришади.

Содда қилиб айтганда, эндиликда сутканинг исталган вақтида иккала чегара-божхона постида ҳаракатланаётган юк автомашиналари сони ҳақида маълумотларни томонлар бир-бирига тақдим қилиб боради. Бу эса тирбандликнинг олдини олишга хизмат қилувчи дастлабки омиллардан биридир.

Шунингдек, иккала чегара-божхона пости ҳам ҳар бир (кириш ва чиқиш) йўналишда кунига 130 тадан кам бўлмаган миқдорда  юк автотранспорт воситаларини ўтказишга келишиб олишди. Бу ҳар бир юк автотранспорт воситаси ўртача 10 дақиқада назоратдан ўтишини англатади.

Транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тобора ортиб бораётганлигидан келиб чиқиб, уларни энг яқин ҳудудлардаги бошқа чегара-божхона постларига йўналтиришга келишиб олингани ҳам учрашувнинг самарали жиҳатларидан бири бўлди.

Эслатиб ўтамиз, автотранспорт воситалари ва фуқароларнинг чегара-божхона постлари орқали ҳаракатланишига янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида 2017 йилда тасдиқланган “Йўл харитаси"га мувофиқ икки давлат чегараларига туташ ҳудудларни тартибга солиш, ўтказиш пунктларини реконструкция ва модернизация қилиш назарда тутилган.

Унга асосан, 2018-2019 йиллар давомида ўзбек-қозоқ чегараларида жойлашган "халқаро" мақомдаги ҳамда иш ҳажми кенг бўлган ўтказиш пунктларида (“Яллама”, “Ғишткўприк”, “Навоий” ва “С.Нажимов” чегара-божхона постлари) реконструкция ишлари, катта ҳажмдаги рентген-сканер аппаратлари, радиацион-назорат тизимлари билан жиҳозлаш, видеокузатув тизимини янада яхшилаш, автотранспорт воситаларининг давлат рақамларини аниқлаш ва юк ташувчи транспортларнинг оғирлигини аниқлайдиган жиҳозларни ўрнатиш назарда тутилган.

Шунга мувофиқ “Яллама” чегара – божхона постида ҳам юк автотранспорт воситаларининг ўтишига ҳалал бермаган ҳолда бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилган.

Учрашувда қўшни давлат вакилларига “Б.Конисбаев” чегара-божхона постида ҳам режалаштирилган қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга оширишда транспорт воситалари ҳаракатланишининг узлуксизлигини таъминлаш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

18.08.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг