Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Янги таҳрирдаги Солиқ кодексидаги муҳим ўзгаришларга қаратилган тадбир бўлиб ўтди
1111
Президентимиз ташаббуси билан ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор самарасида кичик бизнеснинг иқтисодиётимиздаги улуши тобора ортиб бормоқда. Айниқса, янги таҳрирда қабул қилинган Солиқ кодекси жорий йил 1 январдан амалга киритилиши бу борада янги даврни бошлаб берди.

Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Сирғали” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда шу ҳақда сўз юритилди. Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг мазмун-моҳиятига бағишланган семинарда шаҳримизда фаолият юритувчи тадбиркорлар, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ҳамда солиқ бошқармасининг масъул ходимлари иштирок этишди.

Тадбирда янги таҳрирдаги Солиқ кодекси 71 та боб, 480 та моддадан иборатлиги, унда солиқлар ва йиғимларнинг сони ва турлари, шунингдек, алоҳида солиқ режимлари оптималлаштирилгани, эндиликда, мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахслар 9 турдаги солиқ тўловларини амалга ошириши ҳақида батафсил маълумот берилди.

Тадбир давомида солиқ бошқармасининг масъул ходими сўзга чиқиб, янги таҳрирдаги солиқ кодексига кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахслар томонидан товарларни божсиз олиб киришнинг божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида тасдиқланган нормалари доирасида олиб кирилаётган товарлар солиқ солишдан озод этилиши шунингдек, янги таҳрирдаги солиқ кодекси билан божхона соҳасига оид бир қатор ўзгартиришлар киритилганлиги бўйича иштирокчиларга батафсил тушунтиришлар берди.

Жумладан, Солиқ кодексининг янги таҳририда 1 январдан бошлаб:

- трансферт нархни белгилашда солиқ назоратини ўтказишда (шу жумладан таҳлил этиладиган битимнинг ва таққосланадиган битимларнинг тижорат ва  молиявий шартларини таққослаш чоғида) Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан эълон қилинадиган ёки сўровга кўра тақдим этиладиган Ўзбекистон Республикаси ташқи савдосининг божхона статистикасидан фойдаланади;

- Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтувчи шахслар Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи ва товарларни(хизматларни) реализация қилувчи қўшилган қиймат солиғини тўловчилар, деб эътироф этилади;

- божсиз савдо божхона тартиб-таомилига жойлаштирилган товарларни реализация қилиш бўйича айланма солиқ солишдан озод этилади;

- жисмоний шахслар томонидан товарларни божсиз олиб киришнинг божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида тасдиқланган нормалари доирасида олиб кирилаётган товарлар солиқ солишдан озод этилади.

Учрашув сўнгида ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига ўз фаолияти давомида муаммоларга дуч келса ҳамда божхона расмийлаштируви билан боғлиқ бўлган масалалар юзасидан Давлат божхона қўмитасининг 11-08 ҳамда Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг (71)120-76-76 ишонч телефон рақамига қўнғироқ қилиши ёки бевосита божхона пости бошлиғига мурожаат қилиши мумкинлиги таъкидлаб ўтилди.

Учрашувда тадбиркорларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар олишди.

 

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

 

 

24.01.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг