Жумладан, навбатдаги сайёр учрашув “Gran-lab” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб ўтди.
Корхона замонавий технологик ускуналари билан жиҳозланган бўлиб, асосий фаолияти табиий тошдан гранит, травертин ва мармарни ишлаб чиқариш ҳамда қайта ишлашдан иборат. Корхона ишлаб чиқарган маҳсулотларини 2019 йил давомида Россия ва Тожикистон давлатларига экспорт қилган. Ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотнинг бир йиллик умумий ҳажми 150 минг м²га баҳоланган.
Учрашув давомида “Чуқурсой” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости бошлиғи ўринбосари Т.Абдиров томонидан маҳсулотларнинг экспортидаги қулайликлар ва янги қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар тўғрисида тушунтиришлар берилди.
Ҳозирги кунда республикамизда тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва бизнесни юритиш учун қулай муҳит яратиш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, солиқ тизими тубдан ислоҳ қилинди, рухсат берувчи ҳужжатларни олиш тартиби сезиларли даражада соддалаштирилди.
Тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароитлар яратиш билан бирга уларнинг масъулияти ҳам оширилмоқда, яъни қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилмайдиган тадбиркорларнинг жавобгарлиги оширилди.
Учрашув давомида жорий йил 2 февралдан кучга кирадиган Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 31 октябрдаги “Божхона маъмуриятчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-577-сон Қонунининг мазмун-моҳияти ҳақида ҳам тушунчалар берилди.
Шу билан бирга, корхона раҳбари ва ишчи гуруҳига ўз фаолияти давомида муаммолар дуч келса ҳамда божхона расмийлаштируви билан боғлиқ бўлган масалалар юзасидан Давлат божхона қўмитасининг 11-08 ҳамда Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг (71)120-76-76 ишонч телефон рақамига қўнғироқ қилиши ёки бевосита божхона пости бошлиғига мурожаат қилиши мумкинлиги таъкидлаб ўтилди.
20.01.2020