Мамлакатимизда мазкур соҳа тубдан ислоҳ қилинмоқда. 2019 йил 30 декабрда қабул қилинган Қонунга мувофиқ, 1 январдан солиққа тортиш тизимида қатор тартиблар ўзгартирилди. Натижада, Солиқ кодекси таркиби 71 боб, 480 моддага етди. Эндиликда, мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахслар 9 турдаги солиқ тўловларини амалга оширади.
Тадбир давомида вилоят божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Салихов ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига янги таҳрирдаги Солиқ кодексига мувофиқ божхона органлари фаолияти билан боғлиқ бир қатор муносабатларга ҳам ўзгартириш киритилганлиги тўғрисида батафсил тушунча бериб ўтди.
Хусусан, ўзгаришларга кўра 1 январдан бошлаб:
- трансферт нархни белгилашда солиқ назоратини ўтказишда (шу жумладан таҳлил этиладиган битимнинг ва таққосланадиган битимларнинг тижорат ва молиявий шартларини таққослаш чоғида) Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан эълон қилинадиган ёки сўровга кўра тақдим этиладиган Ўзбекистон Республикаси ташқи савдосининг божхона статистикасидан фойдаланади;
- Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтувчи шахслар Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи ва товарларни(хизматларни) реализация қилувчи қўшилган қиймат солиғини тўловчилар, деб эътироф этилади;
- божсиз савдо божхона тартиб-таомилига жойлаштирилган товарларни реализация қилиш бўйича айланма солиқ солишдан озод этилади;
- жисмоний шахслар томонидан товарларни божсиз олиб киришнинг божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида тасдиқланган нормалари доирасида олиб кирилаётган товарлар солиқ солишдан озод этилади.
Албатта, бу ислоҳот замирида қонунчиликни соддалаштириш, зиддият ва қарама-қаршиликларга барҳам бериш билан бир қаторда тадбиркорлар учун қўшимча қулайлик яратади.
Тадбирда вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Д.Нурмухамедов сўзга чиқиб, янги Солиқ кодексида инсофли солиқ тўловчиларнинг манфаатларини ҳимояловчи юздан ошиқ ўзгариш киритилгани солиқ тизимини ривожлантиришга, бюджетга тушумларнинг ихтиёрий тўланиши ҳамда тадбиркорларнинг ўз маблағини эркин тасарруф этишига имкон яратиши тўғрисида иштирокчиларга маълумот бериб ўтди.
18.01.2020