Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
25 млн. сўмлик ноёб тангалар, 1 кг. марихуана ва ҳужжатда йўқ кулерлар. Божхоначилар яна нималарни тўхтатиб қолишди?
1774
Республикамиз божхоначилари томонидан чегара-божхона ва ташқи иқтисодий фаолият божхона постларидан сўнгги кунларда аниқланган йирик қоидабузарликлар ҳақида хабар беришда давом этамиз.
25 млн. сўмлик ноёб тангалар, 1 кг. марихуана ва ҳужжатда йўқ кулерлар. Божхоначилар яна нималарни тўхтатиб қолишди?

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси. “Арк-булоқ” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари товар-моддий бойликларнинг божхона назоратидан яширинча олиб киришга бўлган уринишни бартараф этишди.

Хусусан, пойтахтимиздаги масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига Хитойдан келтирилган кулерлар яъни ичимлик сувини қуйишга мўлжалланган аппаратлар ҳужжатларда кўрсатилганидан кўра 90 донага кўплиги фош қилинди. Ушбу товарларнинг тахминий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 63 млн. сўмни ташкил қилмоқда ва бу ҳолат бўйича текширув ишлари олиб борилмоқда.

“Бош почтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости. Мазкур постда эса тангаларнинг почта жўнатмалари орқали юборилишига доир ҳолат аниқланди. Уларнинг айримлари эса яратилганига эллик йилдан ошгани боис маданий бойликлар сирасига киради.

Россия Федерациясидан Янгийўл шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Б.А. номига божхона декларациясида кўрсатилмаган ҳолда 1922 йилдан бошлаб, 2018 йилга қадар турли йилларда ва турли давлатларда зарб қилинган кумуш, оддий, сувинер ва юбилей тангалар ҳамда 1961-1995 йилларда муомалага киритилган 12 дона қоғоз пул бирликлари почта жўнатмаси орқали юборилган экан. Мазкур пул бирликларининг дастлабки қиймати тахминий ҳисоб-китобларга кўра 25, 5 млн. сўмга баҳоланган.      

Эслатма: Амалдаги тартибларга кўра, хорижий фуқаролар (шу жумладан хорижий дипломатик ва консуллик ваколатхоналари бошлиқлари) ва бошқа шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига вақтинча олиб кириладиган маданий бойликлар тегишли божхона ҳужжатларида кўрсатилиши керак.

Маданий бойликларни почта жўнатмаларида юбориш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Фарғона вилояти божхона бошқармаси. “Қўқон” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида эса Қўқон шаҳрида фаолият кўрсатаётган масъулияати чекланган жамиятлардан бирининг номига Хитойдан келтирилган  қиймати 16,2 минг  АҚШ долларига тенг бўлган 3 турдаги истеъмол товарларини божхонада расмийлаштириш жараёнида навбатдаги божхона қоидабузарлиги фош қилинди.

Мазкур товарларни божхона кўригидан ўтказиш давомида божхона юк декларацияси ва юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилган маълумотлар билан мавжуд товарлар ўртасида тафовутлар кўзга ташланди.

Хусусан,  кўрик жараёнида қиймати 30,3 млн. сўмлик 6 минг донадан ортиқ пуркаланадиган бўёқлар ҳужжатларда умуман кўрсатилмаган бўлса, юклар орасидаги қора металдан ишланган симлар эса сунъий равишда 1,5 тоннага кўпайтириб ёзилганлиги аниқланди.

Ушбу холат юзасидан МЧЖ раҳбарига нисбатан тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Эслатма: Амалдаги тартибларга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 22722-моддаси 1-қисмига биноан бу қилмиш учун товарлар мусодара қилиниб, фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солинишига асос бўлади.

Андижон вилояти божхона бошқармаси. Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ҳамда “Савай” темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Улуғнор туманида олиб борилган тезкор тадбир давомида наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмасига доир йирик ҳолат фош қилинди.

Тезкор тадбир давомида гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланишда гумонлангани боис кузатувга олинган фуқаро Р.Ф. махсус харидорга 1041,62 гр. оғирликдаги қуритилмаган (ҳўл) нашани (марихуана) 100 минг сўм эвазига сотаётган вақтида тўхтатиб қолинди.

Суришитрувлар давомида фуқаро Р.Ф. гўёки ушбу ўсимликларни Улуғнор тумани Мингчинор маҳалласидаги очиқ дала майдонларидан териб олганлигини маълум қилди.

Асл ҳақиқат эса тезкор-қидирув ва суриштирув ишлари давомида аниқланади.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

17.08.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг