Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича божхона бошқармалари, Миллий кинология маркази, “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплекси ва Олий ҳарбий божхона институти жамоалари ўзаро куч синашишди.
Дастлаб ҳудудларда ўтказилган саралаш босқичларидан сўнг якуний босқичга етиб келган жамоалар ўртасида финал учрашувига йўлланма олиш фақатгина Сурхондарё вилояти ҳамда Тошкент шаҳар божхона бошқармаларига насиб қилди.
17 август куни ҳал қилувчи ўйин ва ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, мусобақанинг барча ўйинлари шиддатли ва муросасиз руҳда кечди. Айниқса, финал учрашувига Ўзбекистон футбол федерациясининг халқаро тоифадаги ҳаками, ФИФА рефериси, Globe Soccer Awards танловига кўра 2015 йилда «Йил ҳаками» номига сазовор бўлган, Осиёнинг 5 карра энг яхши ҳаками, «Буюк хизматлари учун» ордени, “Ўзбекистон ифтихори” унвони соҳиби Равшан Эрматовнинг ҳакамлик қилгани ўйин савиясини ошириш билан бир қаторда, иштирокчиларнинг иштиёқини оширишга хизмат қилди.
Ўйин давомида Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси жамоасининг қўли баланд келиб, ғолибликни қўлга киритди. Тошкент шаҳар божхона бошқармаси жамоаси эса иккинчи ўринга сазовор бўлди. Ҳисоб: 5-3. Шунингдек, Навоий вилояти божхона бошқармаси жамоаси учинчи ўрин билан кифояланди.
Ғолибларни тақдирлашга бағишланган тантанали маросим давлатимиз мадҳияси садолари остида бошланди. Сўнгра Давлат божхона қўмитаси раиси М.Азимов сўзга чиқиб, мамлакатимизда ёшлар ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш, уларнинг спорт билан шуғулланиши учун кенг имконият ва шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаб ўтди ҳамда мусобақа иштирокчиларига иштироки учун миннатдорчилик билдириб, ғолибларни қўлга киритилган ғалаба билан муборакбод этди. Ғолибларга кубок, диплом ва медаллар тантанали равишда топширилди.
Шунингдек, учрашувни юқори савияда бошқаргани учун Давлат божхона қўмитаси томонидан Равшан Эрматовга миннатдорчилик билдирилиб, эсдалик совғалар топширилди.
Дарҳақиқат, юртимизда спортни кенг оммалаштириш бўйича олиб борилаётган изчил ислоҳотларга жавобан Давлат божхона қўмитаси Раҳбарияти томонидан республикамиз божхона органлари тизимида ҳам соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, спорт билан мунтазам шуғулланиш учун барча шарт-шароитлар яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Божхоначилар учун божхона органлари ва хизмат уйлари ҳудудларида минифутбол, баскетбол майдонлари бунёд этилиб, спорт заллари янги замонавий тренажёрлар билан жихозланмоқда.
Зеро, спорт билан мунтазам шуғулланадиган ва чиниққан ходимларгина божхона органларига юклатилган вазифаларни жисмонан ва руҳан бажаришга ҳамиша тайёр туришади. Бу каби спорт мусобақалари келажакда ўз натижасини бермасдан қолмайди, албатта.
Давлат божхона қўмита
Ахборот хизмати
17.08.2018