Жумладан, Сирдарё вилояти божхона бошқармасида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Сирдарё вилояти кенгаши ва “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда “Оила – муқаддас қўрғон” мавзусида ватанпарварлик тадбири ташкил қилинди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Сирдарё вилояти кенгашининг ҳарбийлар билан ишлаш бўлими мудири Х.Мирзаев ва “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг вилоят бошқармаси етакчи мутахасиси Д.Тўлаганова иштирок этиб, давлат божхона хизмати органларининг мамлакатимизни, хусусан унинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишдаги, иқтисодий хавфсизлигини таъминлашдаги ролини ҳаётий мисолларда эътироф қилишди.
Х.Мирзаев ўз чиқишида Ватан ҳақида сўз демоқ, унинг ҳимоясида турмоқ шараф эканлиги, бугунги кунда миллий армиямизда олиб борилаётган ислоҳотлар, ҳарбий касб нуфузи, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига давлатимиз томонидан яратилаётган имтиёзлар, шарт-шароитлар ҳақида иштирокчиларга сўзлаб берди.
Д.Тўлаганова эса ўз маърузасида оила – муқаддас қўрғон эканлигини, унинг мустаҳкамлиги оиланинг асосий устунларига боғлиқлигини, кейинги пайтларда ана шу масъулият бироз унутилганлиги боис жамиятнинг оғриқли нуқтаси, яъни ташвишли муаммолардан бири саналган ажримлар сони кўпайиб бораётганлигини, шунинг учун бугунги кунда оилага давлат сиёсати даражасидаги масала сифатида қаралаётганлигини таъкидлади.
Бугун мамлакатимизда иқтисодиётни, тадбиркорликни ривожлантириш, бизнес муҳитини янада яхшилаш йўлида шиддатли ислоҳотлар амалга ошириляпти.
Божхоначилар бугун тадбиркорларнинг ҳамкори, ёрдамчиси сифатида янгича қиёфада, янги кўринишда намоён бўлмоқда.
Табиийки, эришилаётган натижалар, ҳозирда амалга оширилаётган янги-янги лойиҳаларнинг замирида божхоначиларнинг нафақат машаққатли меҳнати ва шарафли хизмати, балки Она-Ватанга бўлган юксак муҳаббати ҳам мужассамдир.
“Ватанпарварлик – миллий юксалиш кафолати!” шиори остидаги турли маънавий-маърифий тадбирлар юртимиз бўйлаб давом этмоқда.
13.01.2020