Шу ўринда Муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббусни вилоят ёшларига етказиш, ёшларнинг орзу-мақсадлари, уларнинг муаммоларини тинглаш, мамлакатимиз ривожида уларнинг аҳамияти ва фаоллигини ошириш мақсадида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев томонидан мутасадди раҳбарлар билан биргаликда вилоятдаги 19 та туман-шаҳарларда “Ҳоким ва ёшлар” лойиҳаси доирасида ёшлар билан учрашувлар ўтказилмоқда.
Расмиятчиликдан холи, самимий руҳда бўлиб ўтаётган учрашувларнинг навбатдагиси “Қўқон эркин иқтисодий зонаси” ҳудудида ташкил этилди. Бундан кўзланган асосий мақсад, Қўқон шаҳри ва Учкўприк тумани ёшлари билан лойиҳа доирасида эркин иқтисодий зонада ташкил этилган кўплаб корхона, завод ва фабрикаларнинг иш фаолиятини таништириш хамда иш излаётган ёшларни иш билан таъминлашга қаратилди.
Тадбир давомида эркин иқтисодий зона дирекциясида ёшлар билан суҳбат, юзма-юз мулоқот бўлиб ўтди. Самимий руҳда ўтказилган мулоқот ёшларнинг дилидаги гапларни очиқ-ошкора айтиш имконини берди.
Ёшлар томонидан берилган саволлар ўртага ташланган муаммолар тингланди, уларга ечим ва таклифлар берилди.
Жумладан, Қўқон эркин иқтисодий зонасида кўплаб йирик корхоналарда бўш иш ўринлари мавжудлиги ва мазкур ҳудуддаги мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида маълумот беришга қаратилган сайт фаолияти йўлга қўйиш каби масалалар ижобий ҳал этилди.
Бу каби учрашувлар вилоят бўйлаб давом этмоқда.
11.01.2020