2020-йилнинг 4-январ куни www.pravo.gov.ru расмий ҳуқуқий ахборот интернет-порталига Россия Федерацияси Ҳукуматининг 2019-йил 31-декабрдаги 1952-сон “Россия Федерацияси Ҳукуматининг 2004-йил 31-декабрдаги 908-сон қарорига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қарори жойлаштирилди.
Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонаси маълумотига кўра, ҳужжатга мувофиқ 10 фоизли ставка бўйича қўшимча қиймати солиғи (ҚҚС) солинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари рўйхатига ўзгартириш киритилди.
Хусусан, Россия ҳудудига олиб кирилганда имтиёзли ҚҚС солинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари рўйхати кенгайтирилди.
Ўзбекистоннинг асосий ҳўл мева маҳсулотлари ҳисобланадиган тарвуз, қовун, узум, анжир, олма, нок, беҳи, ўрик, гилос, олча, шафтоли (жумладан нектарин ҳам), олхўри ва лимонга нисбатан аввал амал қилган 20 фоизли ҚҚС ўрнига 10 фоизли ставка жорий этилади.
Шунингдек, ўзгаришлар қуруқ меваларга нисбатан жорий этилмайди. Ушбу категория бўйича 20 фоизли ҚҚС сақланиб қолинди.
Россия қонунчилигига киритилган ушбу ўзгаришлар Ўзбекистондан Россия бозорига мева ва сабзавотлар экспорти ҳажмини ошириш учун қулай имконият яратади.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда Ўзбекистондан Россияга 160,6 млн. АҚШ доллари қийматидаги 245 минг тонна мева-сабзавотлар экспорт қилинган.
Россияда ҚҚС ставкасининг туширилиши билан боғлиқ ўзгаришлар 2020 йилда Ўзбекистоннинг мева-сабзавот экспорти ҳажмини янада оширишга хизмат қилади.
9.01.2020