Хусусан, Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг “Жартепа” чегара божхона пости ходимлари ҳафтанинг ҳар пайшанба кунларини “профилактика куни”га айлантириб, жойларда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида юзма-юз учрашувлар ва давра суҳбатлари ўтказиб келишмоқда.
Бу гал пост ходимлари Тайлоқ туманидаги “Қўшчинор” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан “Божхона чегараси орқали товарлар ва транспорт воситаларини олиб ўтиш тартиби” мавзусида давра суҳбати ўтказишди.
Йиғилишни маҳалла раиси А.Азимов очиб, кун тартибидаги масалалар хусусида қисқача изоҳ бериб ўтди.
Шундан сўнг “Жартепа” чегара божхона пости ходими У.Ходжаев сўзга чиқиб, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари ҳимоя қилишни таъминлаш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳамда қонунийликни мустаҳкамлаш борасида Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтди.
Божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш тартиб-таомиллари ҳақида йиғилиш иштирокчилари божхона пости катта инспектори А.Ниёзов тушунчалар бериб ўтди.
Бунда фуқаролар божхона чегараси орқали Ўзбекистон Республикасидан чиқишда 3000 АҚШ долларигача бўлган эквивалент қийматдаги товарларни “Йўловчи божхона декларацияси”ни тўлдирмасдан олиб чиқишлари мумкинлиги таъкидлаб ўтилди. Шу билан бирга нақд хорижий валютани резидентлар томонидан 2000 АҚШ долларигача бўлган эквивалиент қийматни “Йўловчи божхона декларацияси”да кўрсатиш ихтиёрийлик асосида, 5000 АҚШ долларигача бўлган эквивалиент қийматдаги нақд хорижий валютани “Йўловчи божхона декларацияси”да ёзиб кўрсатган ҳолда ва 5000 АҚШ долларидан ортиқ эквивалиент қийматдаги нақд хорижий валютани ваколатли банк рухсатномаси асосида олиб чиқишлари мумкинлигини ҳам эслатиб ўтишди.
Йиғилишда фуқаролар “Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 463-сон Қарор талаблари бўйича саволлар беришди.
Божхоначилар йиғилганларга мазкур қарорга кўра жисмоний шахслар томонидан Давлат чегарасининг автойўл(йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдорий нормалари тасдиқланганлигини ўқтириб ўтишди.
Йиғилиш якунида кимда божхона соҳасига оид қўшимча саволлар, таклифлар ёки муаммолар бўлса бошқарманинг 233-63-00 рақамли “Ишонч телефони”га мурожаат этишлари мумкинлиги айтиб ўтилди.
Cамарқанд вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
17.08.2018