Хусусан, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Тошкент-товар” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан пойтахтимизда фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамият номига келган ва “Эркин муомалага чиқариш” божхона режимига расмийлаштиришга тақдим этилган қиймати 58 522 630 сўмлик “Mercedes Benz Vito 111 сdi” автотранспорт воситаси божхона назоратидан ўтказилди.
Божхона кўриги давомида тақдим этилган божхона юк декларациясида автотранспорт воситасининг ҳайдовчи ўриндиғи билан биргаликда ўриндиклар сони 9 та деб нотўғри кўрсатилганлиги, аслида эса ҳайдовчи ўриндиғи билан биргаликда ўриндиқлар сони 7 та эканлиги аниқланди. Натижада салкам 371 миллион сўм божхона тўловларидан имтиёз нотўғри қўлланилганлиги маълум бўлди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги ПФ-5326-сонли қарори талабларига кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган ҳайдовчи билан биргаликда 8 ва ундан ортиқ кишини ташишга мўлжалланган туризм тоифасига оид транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кираётган тадбиркорлик фаолияти субъектлари 2022 йилнинг 1 январига қадар божхона тўловларини тўлашдан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этилган.
7.01.2020