Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ватанимга таянчман!
1296
Шу кунларда юртимиз бўйлаб Муҳтарам Президентимизнинг 2019 йил 13 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармойишларига асосан “Ватанпарварлик – миллий юксалиш кафолати!” шиори остида турли маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар бўлиб ўтмоқда.
Ватанимга таянчман!

Давлат божхона қўмитасида ҳам Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда “Ватанимга таянчман” мавзусида ватанпарварлик соати ўтказилди.

Тадбирни очар экан, Давлат божхона қўмитаси Раиси М.Азимов дунёда эр йигитнинг энг буюк, эзгу ва муқаддас вазифаси, аввало, ўз оиласи, Ватани ва халқини муносиб ҳимоя қилишдан иборат эканлигини таъкидлади. Шунингдек, Ватанимизнинг иқтисодий хавфсизлиги йўлида жон фидо қилган божхоначиларни ёдга олди.

Ватанпарварлик соатида Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, шоир Минхожидин Мирзо ҳамда Ўзбекистон халқ артисти, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри директори Мирза Азизовлар иштирок этиб, давлат божхона хизмати органларининг мамлакатимизни, хусусан унинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишдаги, иқтисодий хавфсизлигини таъминлашдаги ролини ҳаётий мисолларда эътироф қилишди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан Божхона қўмитаси кутубхонаси учун китоблар жамланмаси совға қилинди.

Дарҳақиқат, барча соҳаларда бўлгани каби, сўнгги йилларда давлат божхона хизмати органларида ҳам ўзига хос туб бурилиш, янгиланишлар даври кечмоқда.

Жумладан, 2018 йил 18 октябрда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божхона хизмати тўғриси”даги Қонуни янги таҳрирда қабул қилинди. Қонуннинг 6-моддасида божхона органлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган сифатида белгилаб қўйилди. Шундай экан, божхона ходимларининг ҳарбий кийим-боши уларга юксак масъулият ва шараф ҳам юклайди.

Бугун мамлакатимизда иқтисодиётни, тадбиркорликни ривожлантириш, бизнес муҳитини янада яхшилаш йўлида шиддатли ислоҳотлар амалга ошириляпти.

Бу ислоҳотларда давлат божхона хизмати органларининг иштирокини жамоатчилик кўриб, кузатиб турибди. Сўнгги йилларда соҳада бир қатор аниқ амалий ишларга қўл урилди-ки, тадбиркорлар илгари буни тасавувур ҳам қила олмас эди. Божхоначилар бугун тадбиркорларнинг ҳамкори, ёрдамчиси сифатида янгича қиёфада, янги имиджда намоён бўлмоқда.

Энг муҳими эса олиб борилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, божхонада тадбиркорларнинг ҳам вақти, ҳам нақди тежалишига эришилмоқда. Масалан, товарларни экспорт қилишда божхона юк декларацияларини расмийлаштиришга 2018 йилда ўртача 2 соат 49 дақиқа сарфланган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 3 баробарга қисқариб, ўртача 50 дақиқани ташкил қилди.

Бугун Ўзбекистон дунёга юз очмоқда. Яқин қўшни ва олис мамлакатлар билан олиб борилаётган фаол дўстона ҳамкорлик божхона соҳасида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Аҳамият беринг, 2018 йилда чегара-божхона постлари орқали 40 млн. 336 минг нафар йўловчилар ҳаракатланган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 42 млн. 600 минг нафарга яқинлашди. Чегара божхона постлари орқали 2018 йилда 1,3 млн.та автотранспорт воситалари ҳаракатланган бўлса, ўтган йилда бу рақам 1.9 млн.дан ошиб кетди.

Қувонарлиси шундаки, соҳада эришилган натижалар билан кифояланиб қолмасдан, аксинча янги замонавий ва инновациион лойиҳалар устида ишлар қизғин давом эттирилмоқда.

2020 йилнинг 1 январидан эътиборан “Ягона дарча”  божхона ахборот тизими муддатидан аввал ишга туширилди. Мазкур тизим ҳам ташқи иқтисодий фаолият, товарлар экспорти ва импорти билан шуғуллааётган тадбиркорлар учун яна бир қулайлик!  Энди улар ўз идораларидан чиқмасдан туриб, интернет орқали тегишли ҳужжатлар ва сертификатларни олишлари мумкин. Энг муҳими бу тизим божхона тартиботларининг шаффофлиги ва тезкорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Табиийки, эришилаётган натижалар, ҳозирда амалга оширилаётган янги-янги лойиҳаларнинг замирида божхоначиларнинг нафақат машаққатли меҳнати, шарафли хизмати, балки Она-Ватанга бўлган юксак муҳаббати мужассамдир.

Шу боисдан ҳам,тизимда хизмат олиб бораётган барча божхона ходимларини ҳақиқий Ватан ҳимоячилари сифатида эътироф этишга ҳақлимиз.

Тадбирда ижодкор божхона ходимлари Ватан ҳақида ўзларининг қаламига мансуб шеърларидан ўқишди.

Шунингдек, божхона ходимларининг фаолиятини бадиий асарларда акс эттириш, бугунги божхоначи қаҳрамонини кино ва театр саҳналарида гавдалантириш юзасидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар қўллаб-қуватланди.

7.01.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг