Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
«Ягона дарча» божхона ахборот тизими – янада қулай, янада тезкор!
7235
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 апрелдаги “Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда маъмурий тартиб-таомилларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4297-сонли ҳамда 2019 йил 20 ноябрдаги “Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4525-сонли қарорларнинг талабларига мувофиқ, эндиликда, божхона органлари экспорт-импорт операцияларини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларидан талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатларни “Ягона дарча” божхона ахборот тизими (“Ягона дарча” БАТ) орқали қабул қилади.
«Ягона дарча» божхона ахборот тизими – янада қулай, янада тезкор!

 “Ягона дарча” БАТни жорий этишдан асосий мақсад маъмурий тартиботларни мақбуллаштириш, шунингдек, ваколатли органлар ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида маълумотлар алмашиш механизмини яратиш орқали божхона ва у билан боғлиқ соҳалардаги тўсиқларни камайтириш ҳамда фойдаланувчиларга импорт, экспорт ва транзитга тегишли бўлган ҳужжатларни ягона электрон манзилдан стандартлаштирилган (бир хил шаклда) тартибда қабул қилиш ва жўнатиш имкониятини яратиш ҳисобланади.

“Ягона дарча” БАТга www.singlewindow.uz интернет манзили орқали кирилади.

“Ягона дарча” БАТнинг кўриниши 2 та блокдан иборат бўлиб, биринчи блокда  ариза тақдим этиш, портал ҳақида, асосий маълумотлар, саволлар ва таклифлар, рухсатнома ва сертификатларни ҳақиқийлигини текшириш ва хавфларни таҳлил қилиш тизими каби бўлимлари мавжуд.

Иккинчи блок нотариф тартибга солиш тўғрисида маълумотлар, божхона юк декларациясини расмийлаштириш, назорат қилувчи органларнинг интерактив хизматлари, божхона ва бошқа органларнинг реестрлари, хавфларни таҳлил ва бошқариш тизимлари ва логистика компаниялари каби бўлимларни         ўз ичига олади.

“Ягона дарча” БАТ орқали рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатларни олиш учун тадбиркорлик субъектлари томонидан қуйидагилар амалга оширилади:

“Ягона дарча” БАТда ўрнатилган тартибда рўйхатдан ўтади;

“Ягона дарча” БАТнинг Ҳужжат “А” менюсида ўрнатилган тартибда ўзи ва товар ҳақида маълумотлар киритади.

Мазкур маълумотлар асосида “Ягона дарча” БАТ тегишли ваколатли органлар рўйхати ҳамда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатларни олиш учун электрон аризалар рўйхатини шакллантиради.

Тадбиркорлик субъектлари“Ягона дарча” БАТда белгиланган шаклдаги электрон аризани тўлиқ тўлдиради ва электрон аризаларга зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда тегишли ваколатли органларга юборади.

Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатлар олиш учун тақдим этилган электрон аризадаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун тадбиркорлик субъектлари жавобгар ҳисобланади.

“Ягона дарча” БАТ орқали тақдим этилган электрон ариза электрон рақамли имзо билан тасдиқланади.

Ҳозирги кунда, тадбиркорлик субъектлари томонидан қуйидаги ваколатли органга “Ягона дарча” БАТдан фойдаланган ҳолда божхона расмийлаштируви учун зарур рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатларни олиш учун электрон аризаларни юбориш имконияти мавжуд:

- “Ўзстандарт” агентлиги;

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси;

- Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси;

- Соғлиқни сақлаш вазирлиги;

- Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси.

Ўз ўрнида, ушбу ваколатли органлар  келиб тушган электрон аризаларга жавобан рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатларни тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” БАТ орқали электрон шаклда тақдим этади.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан товарлар учун электрон божхона расмийлаштируви автоматлаштирилган ахборот тизими орқали божхона юк декларациясини тўлдириш жараёнида божхона юк декларациясининг 44-графаси тегишли бандига ваколатли орган томонидан бериладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатларнинг “Ягона дарча” БАТдаги рақами киритилиши лозим.

Божхона юк декларацияси электрон божхона расмийлаштируви автоматлаштирилган ахборот тизимида рўйхатга олингунга қадар 44-графаси тегишли бандига киритилган рақам маълумотлари “Ягона дарча” БАТда  мантиқий назорат текширувидан ўтказилади.

“Ягона дарча” БАТда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатлар мавжуд бўлмаган ҳолларда, электрон божхона расмийлаштируви автоматлаштирилган ахборот тизимига юборилаётган божхона юк декларациялари қабул қилинмайди.

Агар халқаро шартномаларда ва қонун ҳужжатларида халқаро сертификатларни тан олиниши кўзда тутилган ҳолларда, “Ягона дарча” БАТда сертификат ва бошқа рухсат берувчи тусдаги ҳужжатларни текшириш талаб этилмайди.

Божхона органи Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ҳаракатланаётган товар ва (ёки) транспорт воситалари бўйича “Ягона дарча” БАТда назарда тутилган ҳужжатлардан ташқари бошқа ҳужжатларни талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас (бундан Ўзбекистон Республикасига импорт қилинаётган товарларга тегишли юк кузатув ҳужжатларини талаб этиш ҳуқуқи мустасно).

“Ягона дарча” БАТнинг такомиллаштириш ва узлуксиз ишлашини таъминлаш учун божхона органи масъул ҳисобланади.

Бир сўз билан айтганда, “Ягона дарча” БАТ табдиркорлик субъектлари учун янги имкониятларни яратади.

Жавлонбек Фарманов,

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси

Божхона экспертизаси ва товарларни таснифлаш гуруҳи

катта инспектор-эксперти

6.01.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг