Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Бизнес учун янги имкониятлар «дарча»си
1474
2020 йил 1 февралдан бошлаб экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатлар «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали расмийлаштирилади.
Бизнес учун янги имкониятлар «дарча»си

. Бу Президентнинг «Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида (20.11.2019 йилдаги ПҚ-4525-сон) белгиланган. 

Бу тизимнинг моҳияти нимада? Уни жорий этиш бўйича ишлар қайси босқичда турибди? ТИФ иштирокчиларининг харажатларини қисқартиришга қаратилган самарали дастакларидан бири сифатида ташкил этилаётган «Ягона дарча» тизими қандай фаолият кўрсатади? Шулар хусусида ДБҚ божхона экспертизаси ва ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасини юритиш бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Абдуғаниев сўзлаб берди.

ТИФ иштирокчилари ва назорат қилувчи органларнинг электрон ҳамкорлигини «Ягона дарча» БАТни жорий этиш йўли билан тезлаштириш ва оптималлаштириш зарурати Президентнинг «Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда маъмурий тартиб-таомилларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида (23.04.2019 йилдаги ПҚ-4297-сон)  назарда тутилган.

Мазкур тизим БМТнинг Савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш ва электрон иш амалиётлари бўйича маркази томонидан ишлаб чиқилган "ягона дарча" механизмини яратиш бўйича тавсиялар ва йўл-йўриқ тамойиллари мезонларига жавоб беради. Ушбу мезонлар қоғозли ҳужжат айланмасини, шу жумладан мазкур тартиб-таомилларни амалга ошириш учун зарур бўладиган рухсат берувчи ҳужжатларнинг қоғозли шаклини божхона расмийлаштируви жараёнидан чиқариб ташлашни назарда тутади. 

Портални яратиш бўйича ишлар ўтган йилнинг май ойидан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган, ДБҚ томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, «Ўзстандарт» агентлиги ва «Ўздавкарантин» инспекцияси ишлаб чиққан тадбирлар режасига мувофиқ олиб борилмоқда. 

Ўтган йилнинг 1 декабридан «Ягона дарча» тест режимида ишга туширилди (http://singlewindow.uz). Айни вақтда 220 нафардан ортиқ иштирокчилар рўйхатдан ўтган. Уларнинг 29 нафари фаол фойдаланувчилар ҳисобланади. Назорат қилувчи органлардан ветеринария хизматининг фаолиятини алоҳида қайд этса бўлади, у ахборотнинг асосий қисмини жойлаштириб бўлди, унинг модули «Ягона дарча»да ишга тайёр турибди.

- БАТ қай йўсинда ТИФ иштирокчиларининг назорат тартиб-таомилларидан ўтишини тезлаштиради, уларнинг вақт ва молиявий сарфларини камайтиришга эришади?

- «Ягона дарча» тадбиркорлик субъектларига стандартлаштирилган ахборотни ва импорт, экспорт ва транзитга тааллуқли бўлган барча тартибга солиш  талабларини бажариш мақсадида стандартлаштирилган маълумотлар ва ҳужжатларни ягона ўтказиш каналидан фойдаланган ҳолда тақдим этиш имконини беради. Зарур рухсатномани олишдан олдин вазирлик ва идораларнинг остонасига қатнаб, «кавушни едириш»га энди ҳожат қолмади.  Яқин-яқингача бу жараёнлар ниҳоятда узоқ ва кўп босқичда ўтган.

Шу билан бирга БАТ ТИФ иштирокчиларига қуйидаги имкониятларни яратади:

* ахборот алмашинувнинг махфийлиги ва хавфсизлигини таъминловчи норматив-ҳуқуқий база билан мустаҳкамлаган ҳолда, ташқи савдо битимларига доир барча ахборотларни алмашиш;

* давлат божхона хизмати, ваколатли органлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан рухсат этувчи ҳужжатларни расмийлаштиришнинг босқичларини масофадан кузатиш;

* дастлабки маълумотлар асосида товарлар Ўзбекистон ҳудудига амалда етиб келишига қадар рухсат берувчи характерга эга ҳужжатларни олиш.

 «Ягона дарча» воситасида барча учун очиқ бўлган электрон шаклдаги рухсат этувчи ҳужжатлар реестрларини юритишга тўлиқ ўтиш, Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлардаги эпизоотик, карантин ва фитосанитария ҳолатлари тўғрисидаги очиқ маълумотларни энг сўнгги кўрсаткичлар ҳолатида ушлаб туриш мумкин бўлади. Бу ТИФ иштирокчилари учун анчайин мақбул тизим бўлганлиги шубҳасиз албатта. 

- Бу тизимнинг моҳияти нимада ўзи?

- «Ягона дарча» - бу бошқарув фалсафаси бўлиб, унинг доирасида Ҳукуматнинг анъанавий тузилмалари фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг талаб-эҳтиёжларига тўлиқроқ жавоб бера оладиган янги дастакларга трансформация бўлади. БАТни жорий этиш ва ривожлантиришдан асосий мақсад – ваколатли орган ва ТИФ иштирокчилари ўртасида интеграциялашган ахборот тизими ва муҳим маълумотлар базаси асосида ахборот алмашинуви учун ягона интерфейсни яратишдан иборат. Бу муҳим маълумотлар базаси орқали ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари давлат хизматларидан  One-Stop Service тамойили (хизматлардан бир жойда фойдаланиш) бўйича фойдаланадилар. Уларни тақдим этишнинг комплекс идоралараро ташкилий дастаклари хизматлар истеъмолчилари учун шаффоф бўлади. Бу эса, ўз навбатида, тартибга солишнинг самарадорлигини ошириш ҳамда операцион харажатларни пасайтиришга ёрдам беради.   

Тузилмавий жиҳатдан БАТ 2 блокдан иборат. Лентанинг юқори қисмида жойлашган биринчи блокда 6 та рукн мавжуд: аризани бериш, портал ҳақида, маълумотнома ахборот, саволлар ва истаклар, берилган сертификатлар ҳақиқийлигини текшириш, хатарларни таҳлил қилиш тизими.

Иккинчи блок – сайтнинг асосини қуйидаги бўлимлар ташкил этади: нотариф чоралар тўғрисида маълумотнома ахборот, назорат қилувчи органларнинг интерактив хизматлари, уларнинг хатарларни таҳлил қилиш ва бошқариш тазимлари, божхона юк декларациясини расмийлаштириш, логистика компанияларининг рўйхати, божхона ва бошқа органларнинг реестрлари.

БАТ тузилмаси таклиф ва истаклар кўпайиши эвазига такомиллашиб боради. Бундай таклиф-истакларни нафақат давлат органлари, балки биринчи ўринда ташқи иқтисодий операциялар иштирокчиларидан ҳам кутиб қоламиз. Масалан, биринчи блок Ўздавлат карантин  инспекциясининг тавсияларига биноан яқинда «Берилган сертификатларнинг ҳақиқийлигини текшириш» деб аталувчи янги рукн билан тўлдирилди. Бунга 2-3 йил олдин назорат қилувчи органлардан бирининг бўлинмасида бир қанча рухсат берувчи ҳужжат бланкаларининг йўқотилиши сабаб бўлди.

Истиқболда товарларни олиб кириш/олиб чиқишни режалаштираётган исталган бўлғуси импортчи/экспортчи ўз имкониятларини аниқлаб олиш учун «Ягона дарча»дан импорт/экспорт бўйича турли талаблар тўғрисида умумлаштирилган маълумотларни олиши мумкин.

- Демак, исталган тадбиркорлик субъекти, айниқса, мамлакатимиздан узоқда бўлган, давлатимиз резиденти ҳисобланмаган субъект  унга керакли бўлган ахборотни онлайн тарзда ола биларкан-да. Мумкин бўлса, бу айнан қандай ахборот эканлигига аниқлик киритсангиз.   

- Божхона расмийлаштирувини ўтказиш учун товарларга қўйиладиган талаблардан бири – қонун ҳужжатларида белгиланган товарни олиб кириш/олиб чиқиш ёки ундан республика ҳудудида фойдаланиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар/рухсатномаларнинг мавжуд бўлишидир. ТИФ иштирокчиси уни қизиқтирган товар бўйича сўровни «Нотариф чоралар тўғрисидаги маълумотнома ахбороти» рукнига киритиши ва зарур рухсат берувчи ҳужжатлар ва уларнинг шакллари, уларни берганлик учун хизматлар ҳақи, рухсат берувчи сертификатланган ва бошқа органлар тўғрисида маълумотларни олиши мумкин. 

ТИФ ТН кодисиз товар муайян органнинг назорат объекти ҳисобланадими-йўқлигини аниқлаб бўлмайди. Бу ҳақда шу номдаги бўлимда танишиб чиқиш мумкин. 

Мамлакатимизнинг ички бозорига импорт қилинган ҳайвонот, ўсимликлар ва бошқаларга мансуб маҳсулотлар кириб келганда божхона органлари хавф-хатарларни таҳлил қилиш тизимларини қўллайди. Ихтисослашганига қараб, ушбу тизимлардан бошқа ваколатли органлар ҳам фойдаланади. «Назорат қилувчи органларнинг хатарларни таҳлил қилиш тизими» рукнида назорат қилинадиган товарлар рўйхати хатарлар кесимида, белгиланган талаблар бузилиши фактлари ва республикага сифатсиз товарлар кириб келишининг олдини олишга доир чора-тадбирлар тўғрисидаги ахборот мунтазам жойлаштириб борилади.    

«Назорат қилувчи органларнинг интерактив хизматлари» рукни фойдаланувчи илгари сурадиган ҳамда ҳам божхона органлари, ҳам рухсат этувчи ҳужжатларни (масалан, веб-саҳифаларни кўриш, интернет-пейжинг, маълумотлар базасидан қидириш ва бошқалар) реал вақт режимида берадиган органлар тақдим этадиган хизматларнинг кенг миқёсдаги кўламини ўз ичига олади.

Божхона омборлари, ваколатли иқтисодий операторлар, ЎзРда рўйхатдан ўтказилган биологик фаол қўшимчалар реестрлари, шунингдек Интеллектуал мулк объектлари реестри ҳамда Дори воситаларининг давлат реестри билан ҳам ушбу рукнда танишиш мумкин.   

«БЮДни расмийлаштириш» бўлимида барча брокерлик компанияларининг рўйхати ва БЮДни тўлдириш бўйича дастурий таъминотдан фойдаланиш имконияти мавжуд. «Логистик компаниялар» рукнида эса реквизитларини кўрсатган ҳолда импорт ва экспортни кузатиб боришга доир хизматларни кўрсатувчи компаниялар рўйхати келтирилган.   

Шу билан бирга БАТда тадбиркорлик субъекти ТИФга тааллуқли қонун ҳужжатлари ҳамда божхона божлари, ҚҚС ва акциз солиқлари, йиғим ва бошқа тўловларнинг  амалдаги ставка миқдорлари билан танишиши мумкин. 

- ТИФ иштирокчиларини қизиқтирадиган саволлардан бири – рухсат этувчи ҳужжатни олишга буюртма қандай берилади?

- ТИФ иштирокчиси билан рухсат этувчи ҳужжатни берувчи орган масъул ходимининг электрон ҳамкорлигини талаб этадиган товарлар электрон божхона расмийлаштируви бир нечта босқичда амалга оширилади.    

1-қадам. ТИФ иштирокчиси БАТнинг расмий домени орқали «Ягона дарча»га мурожаат қилади. Унга кириш шахсий ЭРИ воситасида авторизациядан ўтказилиши керак.

2-қадам. ТИФ иштирокчиси БАТга товарнинг кузатув ҳужжатлари – контракт, инвойс ва юкхатига асосланган «А» ягона унификацияланган ҳужжатини киритади. Киритилган ҳужжат рухсат этувчи ҳужжатларни расмийлаштириш учун тўлиқ ахборотни акс эттириши керак (олувчи, жўнатувчи, товар ва бошқалар). Ушбу ҳужжатларнинг сканерланган вариантини тақдим этиш шарт. Кейинчалик улардан БЮДни тўлдиришда фойдаланилади.

3-қадам. Сўровнома автоматлаштирилган режимда шакллантирилади ва Давлат органига БАТдаги ТИФ иштирокчисининг шахсий кабинетидан жўнатилади, унда қуйидагилар тақдим этилиши керак:

ТИФ ТН коди бўйича ҳар бир товар учун зарур рухсат этувчи ҳужжатлар рўйхати 10 та белги даражасида;

ЎзРга импорт/ЎзРдан экспортга рухсатномани расмийлаштириш бўйича тўлиқ ахборот (ҳужжатнинг тури, ваколатли орган, расмийлаштириш муддати, хизматлар қийматининг миқдори, асосланма ва бошқлар).

4-қадам. ТИФ иштирокчиси рухсатнома беришга буюртмани шакллантиради ва «Ягона дарча»га жўнатади. Ушбу ҳужжатнинг бир қисмини тизим олдинроқ тақдим этилган «А» ҳужжатдаги маълумотлардан фойдаланган ҳолда автоматик тарзда ўзи тўлдиради. Ҳужжатнинг қолган қисми ТИФ иштирокчиси томонидан тўлдирилади. Тартиб-таомилларни соддалаштириш учун тизим унга давлат органи жойлашган жой, унинг электрон манзили, масъул шахснинг Ф.И.Ш., унинг телефон рақами, расмийлаштириш муддати, хизматлар қийматини кўрсатган ҳолда импортга рухсатнома олиш учун мутасадди бўлган ваколатли органларнинг рўйхатини таклиф этади.   

5-қадам. Тизим ТИФ иштирокчисининг блокидан давлат органининг тузилмавий бўлинмасига буюртма тақдим этади. Мана шу босқичда жўнатиш санаси ва вақти, буюртма рақами, аризачининг СТИР ва ЭРИси қайд этилади.   

6-қадам. Рухсатномани расмийлаштиришга буюртмани ижро этувчи давлат органи қабул қилади. Бу ўринда IDни «Ягона дарча» маълумотлар базасига қабул қилиш санаси ва вақти, ваколалти органнинг коди ва унинг масъул ходимнинг ЭРИси қайд этилади.   

7-қадам. Ижро этувчи – давлат органининг тузилмавий бўлинмаси рухсат этувчи ҳужжатни кўриб чиқади ва расмийлаштиради. Рухсатнома расмийлаштирилаётганда  идентификация рақами, тасдиқланиш санаси ва вақти, ваколалти органнинг коди ва унинг масъул ходимнинг ЭРИси қайд этилади.  

8-қадам. ТИФ иштирокчиси рухсат этиш ҳужжатини БАТ орқали қабул қилади, унда жўнатиш санаси ва вақти, буюртма рақами, масъул ходимнинг ЭРИси қайд этилган бўлади.  

БАТда давлат органлари томонидан берилган барча рухсат этиш ҳужжатлари шакллантирилади. Муайян ҳужжатни QR-код ёрдамида қидирув тизими орқали ёки рухсат этувчи ҳужжатнинг рақами бўйича топиш мумкин.    

Шу билан бирга, тизим ҳам ТИФ иштирокчиси, ҳам давлат органи вакили амалга оширган барча ҳаракатларининг вақт ҳисобини олиб боради. Тақдим этилган хизматларнинг рейтинги давлат органларининг вақт сарфи бўйича йўқотишлари доирасида фаолиятига баҳо бериш имконини яратади.   

- Сиз рухсатнома олиш тартибини батафсил тушунтириб бердингиз. Шундан кейин ТИФ иштирокчиси нималар қилиши керак? Божхона органига рухсат этувчи ҳужжатни тақдим этиши лозимми?

- Рухсат этувчи ҳужжатларнинг на қоғозли, на электрон версияларини тақдим этиш талаб қилинмайди. Тизим рухсатнома олинганини қайд этади, вассалом. БЮДни тўлдириш чоғида 44-устунда ҳар бир ҳужжат тўғрисида маълумотлар – Божхона юк декларациясини тўлдиришда фойдаланиладиган ҳужжатлар ва маълумотлар турлари таснифлагичига (Йўриқномага 12-илова, АВ томонидан 6.04.2016 йилда 2773-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ унинг тартиб рақами ва ҳарфли кодини кўрсатиш керак. Шунингдек, ваколатли органлар (ҳар бир органнинг ўзига хос ҳарфли-рақамли белгиси бор) томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган ҳолларда бериладиган рухсатномалар, хулосалар ва бошқа ҳужжатларни (сертификатлар, гувоҳномалар ва ҳ. к.) рўйхатга олиш рақами ва уларни бериш санасини акс эттириш керак.   

Кўрсатилган маълумотлар асосида божхона органи мазкур маълумотлар «Ягона дарча»да мавжудлигига ишонч ҳосил қилиш учун БАТ билан ўзи солиштириб олади. 

- Нима учун ахборот тизимида «божхона» номи бор?

- Чунки «Ягона дарча»нинг функционал вазифаси – божхона расмийлаштируви тартиб-таомилларини тўлақонли ўтказиш учун барча масалалар мажмуини ҳал этиш ҳисобланади. 

Сўнгги йилларда божхона хизмати савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш ва даромадларни йиғиш, давлатнинг иқтисодий манфаатларини муҳофаза қилиш, шунингдек ТИФга доир ишбилармонлик ахборотини тўплаш, ишлов бериш ва таҳлил қилиш бўйича ўзининг функционал вазифаларининг самарадорлигига эришиш мақсадида бир қатор автоматлаштирилган тизимларни ишлаб чиқди. 

Ахборот технологияларини изчил ривожлантириб бориш хизматлар кўрсатиш соҳасида муҳим натижаларни қўлга киритиш имконини берди. Ҳар бир янги ишланма ўзи билан янги имкониятлар эшигини очди  - бу халқаро савдо билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий базанинг тубдан ўзгаришига омил бўлди. 

Идоранинг IT соҳасидаги иш-тажрибаси, серверининг имкониятлари, уларнинг ишлаши учун қувват оладиган автоном манбаларнинг мавжудлигини ҳисобга олиб, ДБҚ зиммасига маъмурий функцияларни ҳам юклашди. БАТни ишлаб чиқиш бўйича техник топшириқ бажарилди, унинг платформаси шакллантирилди. Ягона интерфейс имкон қадар такомиллаштирилади ҳамда «Ягона дарча» самарали ишлашига ёрдам берувчи элементлар билан тўлдириб борилади. 

- «Ягона дарча»нинг маҳаллий дастаклари ишлашига масъул бўлган назорат қилувчи органлар, уларнинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари БАТда ишлашга қай даражада тайёрлар? 

- Бугунги кунда давлат органларининг БАТига жалб этилган фаолиятни тизимли ислоҳ қилиш доирасида «Ягона дарча»ни жорий этиш ишлари авж палласига чиққан. Кутилган натижаларга эришиш учун унинг ишлашига жавоб берадиган мутасаддиларнинг тегишли малакага эга бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ПҚ-4525-сон қарорда белгиланганидек, 2020 йилнинг 1 февралидан «Ягона дарча»ни мажбурий жорий этишдан олдин, ДБҚ жойларда доимий тренинглар ўтказмоқда. Бу тадбирлар ДБҚ томонидан давлат органлари билан ҳамкорликда уларнинг минтақавий бўлинмалари, ДБҚнинг ҳудудий бошқармалари вакиллари ва тадбиркорлик  субъектлари учун ўтказилаётир.   

Видеоконференция ва семинарлар кечки пайт ўтказилаётганига қарамай (иш вақтида ўтказишнинг иложи йўқ), муҳокамалар доимо қизғин кечмоқда, иштирокчилар саволлар бериш имкониятини қўлдан бой бермаяптилар  - чунки улар ишлашнинг янги форматига ўтиш бўсағасида туришибди, янгича услубда ишлаш эса алоҳида қунт-эътиборни талаб қилади. 

БАТнинг тест режимида иш юритиши ўқувлар ўтказишга имкон беради ва масъул шахслар ҳамда ТИФ иштирокчиларининг «Ягона дарча» форматида ҳаракатланиши тартибини намойиш этади. Амалий кўникмаларни ошириш мақсадида жорий йилнинг 1 январидан БАТни ихтиёрий равишда тажрибадан ўтказмоқчимиз. 

Аризага ёки рухсат этувчи ҳужжатга ўзгаришларни фақатгина «Маъқуллансин» тугмачаси босилгандан кейин киритиш мумкин бўлади. Шунинг учун семинарларда бунгача бўладиган босқичларга катта аҳамият берилади. Ҳар бир жиҳатни батафсил тушунтириб кетамиз. 

ДБҚ бизнес тузилмалар, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ветеринария, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмиталари, «Ўзстандарт» агентлиги, «Ўздавкарантин» инспекцияси, уларнинг ҳудудий бўлинмалари ва вилоятлар божхона бошқармалари билан фаол мулоқот олиб боради. Бундай мулоқотлардан мақсад тизимда бирор камчиликлар бор-йўқлигини билиш, уларни қандай бартараф этиш ҳамда «Ягона дарча» фойдаланувчиларига максимал даражада қулай бўлиши учун янада такомиллаштиришдан иборатдир.   

Бу тизимни жорий этиш ўта мураккаб бўлиб, у нафақат дастурий ва техник ўзгаришларни талаб қилади, балки кўпроқ ТИФ иштирокчиларининг давлат органлари билан муносабатларидаги ёндашувларни ислоҳ этишни талаб этади. Давлат органларига маълумотлар тақдим этишга доир кўп йиллик кўникмадан воз кечиб, ахборот оқимиларини «Ягона дарча»га жўнатишни ўрганишга тўғри келади. Бу биргина давлат органлари учун эмас, балки кўпроқ тадбиркорлар учун мўлжалланган дастак ҳисобланади. Шундай экан, тадбиркорлар ҳамжамияти унинг муҳокамасида анчайин фаол бўлиши тақозо этилади. Зеро, БАТ ТИФ иштирокчилари учун уларнинг ташқи савдо фаолиятини ривожлантиришни тезлаштирувчи имкониятлар дарчасидир. 

Махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА суҳбатлашди.

"Солиқ ва божхона хабарлари" газетасидан олинди.

4.01.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг