Давлат божхона қўмитаси томонидан бугунги кунда чегара божхона постлари орқали фуқаролар ва транспорт воситаларининг ҳаракатини назорат қилиш видео-кузатув тизими орқали “онлайн” тарзда олиб борилмоқда.
Мазкур кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, чегара божхона постлари, хусусан “Яллама” чегара божхона постида Ўзбекистон Республикасидан қўшни давлатларга кириш-чиқиш учун автотранспорт воситаларининг тирбандлиги кузатилмаяпти.
Бундан ташқари, Қозоғистон Республикасида вужудга келган автотранспорт воситаларининг тирбандлиги ҳолатига аниқлик киритиш мақсадида, доимий равишда Давлат божхона қўмитасининг масъул ходимлари қўшни давлатнинг “Б.Конисбаев” чегара-божхона пости раҳбарияти билан ишчи тартибда музокаралар ўтказилмоқда.
Музокараларда юзага келган муаммоли масалани, жумладан автотранспорт воситаларининг тирбандлигини бартараф этиш учун барча кучлар сафарбар қилиниши ҳамда қисқа муддатларда уларни бартараф этишнинг амалий чоралари кўрилмоқда.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
16.08.2018