Унда Арманистон Республикаси божхона хизматининг минтақавий инструкторлик курсини якунлаган 2 нафар ходимларига ҳамда Миллий гвардиянинг “Мина қидируви” йўналишида бошланғич тайёргарлик ўқув курсини якунлаган 15 нафар тингловчиларига сертификатлар тантанали равишда топширилди.
Таъкидлаш жоизки, Миллия кинология марказида ташкил этилган “Мина қидируви” ўқув курслари МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб йўлга қўйилмоқда. Мина излаб топишда хизмат итларидан фойдаланиш, уларни шунга ўргатиш амалиётдаги энг катта янгиликлардан бири бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 1029-сон қарори қабул қилинганлигининг бир йиллиги арафасида ташкил этилганидан келиб чиқилса, мазкур тадбирни йил якунидаги ўзига хос сарҳисоб деб ҳам баҳолаш мумкин.
Миллий кинология маркази Жаҳон божхона ташкилотининг минтақавий кинология маркази мақомига эга бўлиб, шартнома асосида кинологларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатлар кинология хизматлари учун хизмат итларини танлаш, сотиб олиш, кўпайтириш ва парваришлаш, ўргатиш ҳуқуқига эга ҳисобланади.
Ўтган қисқа фурсат давомида бу ерда турли йўналишлар бўйича хизматга яроқли зотдор хизмат итларини танлаш, сотиб олиш ва парваришлашнинг самарали тизими йўлга қўйилди.
Таъкидлаш жоизки, Миллий кинология марказининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлат божхона қўмитасининг буюртмасига асосан “Ўзавтосаноат” акционерлик жамияти томонидан хизмат итларини ташиш учун мўлжалланган 32 дона махсус автотранспорт воситаси билан таъминлаш режалаштирилган бўлиб, ҳозирда 5 дона хизмат итларини ташиш учун махсус жиҳозланган “DAMAS” русумли автомобиллар харид қилинди.
Марказда ўқув жараёнларининг самарадорлигини ошириш мақсадида жорий йилда муқаддам фойдаланиб бўлинган автобус ва юк вагони келтирилиб, кўргазмали восита сифатида фойдаланиб келинмоқда.
Ҳозирда марказда малакали кинологлар ва хизмат итлари гиёҳвандлик воситалари, қурол-яроғ, ўқдори, портловчи моддалар, валюта қимматликларини қидириб топиш, шунингдек, қидирув-қутқарув, ҳимоя-қоровул, из-қидирув хизмати, антитеррор ва бошқа йўналишлар бўйича тайёрлаб келинмоқда.
2019 йил давомида Давлат божхона қўмитасининг ҳудудий бошқармаларида фаолият юритаётган 198 нафар кичик инспектор-кинологлари учун ўзларига бириктирилган хизмат итлари иштирокида 12 маротаба малака ошириш курслари ташкил этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг 35 нафар, Мудофаа вазирлигининг 10 нафар, Давлат хавфсизлик хизмати ва Қуролли Кучлар академиясининг 1 нафардан кинологлари марказда таҳсил олишди.
Айни кунларда эса Миллий гвардиянинг 10 нафар ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 4 нафар кинологлари таҳсилни давом эттиришмоқда.
Бу каби изчил ва тизимли чора-тадбирлар эса фаолиятда ўзининг дастлабки ва муҳим самарасини бермоқда.
Аҳамият беринг, 2019 йилда марказда тайёрланган хизмат итлари ёрдамида ҳудудий божхона бошқармаларининг кичик инспектор-кинологлари томонидан фош этилган 167 та ҳолатда 56,37 кг ва 3203 туп гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний айланмасига чек қўйилди. 62 та қонунбузарлик ҳолатларида эса 23 та қурол, 1696 дона ўқ-дори, 655 дона гильза, 12,4 кг дроб, 7085 та капсула ва 46,41кг порохнинг ноқонуний олиб ўтилиши аниқланган.
Бундан ташқари жорий йилда хизмат итлари кўмагида 200 гр тротил, 18 та артилерия снаряди, 34 минг донадан зиёд пиротехника воситалари, 32 минг қути тамаки, 13 минг 485 АҚШ доллари, салкам 57 минг Россия рубли ва бошқа турдаги нақд хорижий валюталарнинг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.
Сертификатларни топшириш маросимидан сўнг кинологлар ва хизмат итларининг кўргазмали чиқишлари бўлиб ўтди. Унда марказда олган билим ва тажрибалар амалий машқларда йиғилганлар эътиборига ҳавола қилинди.
27.12.2019