Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ҳар бир мурожаат – эътиборда!
1900
Бугун божхона тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, ўзгаришлар, янги қабул қилинаётган қонун ва қонуности ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига тушунтириш соҳа ходимларининг асосий вазифаси этиб белгиланган.
Ҳар бир мурожаат – эътиборда!

Негаки, божхона ва тадбиркорлик ўртасида ўзаро ижобий алоқаларни йўлга қўйиш, қолаверса, тадбиркорларнинг божхона соҳасидаги мавжуд муаммоларини бартараф этиш мамлакатимиз иқтисодий ривожида муҳим омил ҳисобланади.

Шу муносабат билан Давлат божхона қўмитаси Раиси бошчилигида ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан Самарқанд вилояти божхона бошқармасида вилоятда фаолият юритаётган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ва фуқаролар қабул қилиниб, сайёр қабулда аҳолини қийнаб келаётган муаммолар таҳлил этилиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилди.

Бу гал ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари товарлар экспорти, технологик жиҳозлар ва транспорт воситалари импортига доир саволлар, давлат божхона хизмати органларига ишга қабул қилиш, тикланиш, шунингдек бир ҳудуддан бошқа ҳудудга ротация қилишга доир масалалар билан бевосита Давлат божхона қўмитаси Раисига мурожаат қилиш имкониятига эга бўлишди.

Сайёр қабулда фуқаролар мурожаати атрофлича муҳокама қилиниб, уларнинг аксарияти жойида ҳал этилди.

Хусусан, фуқаро Мехрожхон Собиров ўз мурожаати орқали божхона органлари хизматига кириш истагида бошқарманинг Қабул комиссияси томонидан қайта суҳбатдан ўтказишга имконият берилиши юзасидан мурожаат қилди.

Сайёр қабул давомида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ва фуқаролардан соҳа фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва ташаббуслар ҳам билдирилди. Муддат талаб қиладиган масалалар бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.


Сайёр қабул давом эттирилиб, Давлат божхона қўмитаси Раиси М.Азимов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Жиззах вилояти божхона бошқармасида ҳам бўлишди. Ташриф давомида тадбиркорларнинг муаммоларини ўрганиш ва уни бартараф этиш бўйича сайёр қабуллар ўтказилди.

Қабул давомида, “Silverleafe BMB Agro Trade Group” МЧЖ, “Huaxin Cement Jizzakh” МЧЖ, “Euroasia Carpet” МЧЖ, “Ғаллаорол калий фосфат” МЧЖ, “Зарбдор текстил” МЧЖ вакиллари томонидан мурожаатлар йўлланди. Уларнинг асосий қисми божхона тўловларидан имтиёзларни қўллаш мавзусида бўлди ва бу бўйича амалдаги қонунчилик талаблари асосида тўлиқ тушунчалар берилди.

Шунингдек, “Euroasia Carpet” МЧЖ вакили корхонага олиб келинаётган айрим турдаги товарларнинг божхона қийматини аниқлашда баъзи муаммолар юзага келаётганлиги сабабли, бу борада амалий ёрдам бериш бўйича мурожаат этди. Мутахассислар томонидан тадбиркорга бу бўйича амалда бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги тартиб қоидалар тушунтириб ўтилгач, корхона вакиллари қўшимча ҳужжатлар тақдим этишди ва натижада муаммо бартараф этилди.

Шундан сўнг, ДБҚ Раиси иштирокида бошқарма ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказилди. Унда коррупцияга қарши кескин курашиш, унинг олдини олиш, фуқаролар ва тадбиркорлар билан ишлаш жараёнида ҳеч қандай муаммо юзага келмаслиги лозимлиги, касбга садоқат билан хизмат қилиш кераклиги алоҳида таъкидланди.

Қисқа қилиб айтганда, жойларда олиб борилаётган бу каби амалий ишлар аҳоли ва тадбиркорларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилишда, энг муҳими мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда устувор аҳамият касб этмоқда.

20.12.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг