Маълумки, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси томонидан ҳар йили дунё мамлакатларида тадбиркорлик фаолияти учун яратилган имкониятлар таҳлил қилиниб, “Бизнесни юритиш” ҳисоботида натижалар эълон қилиб борилади. Ушбу ҳисоботда тадбиркорлик фаолиятини бошлашдан тортиб, уни олиб бориш ва якунлаш жараёнларининг нечоғлик шаффоф ва изчил равишда амалга оширилиши 10 та мезон асосида баҳоланади. Ушбу меъзонлардан бири эса айнана ташқи савдо йўналиши бўлиб, унда экспорт-импорт операциялари учун тадбиркорлар томонидан сарфланадиган вақт ва маблағ асосий омил сифатида баҳоланади.
Шуни инобатга олиш лозимки, экспорт-импорт операцияларини қисқа муддатда ва ортиқча оворагарчиликларсиз амалга ошириш учун яхлит бир тизим ишлаши лозим. Чунки, дейлик импортда товар Ўзбекистон чегарасидан олиб кирилиб, ўз эгасига фойдаланиш учун топширулгунига қадар бир қанча босқичлардан ўтиши лозим. Масалан, битта товар импорти учун ушбу маҳсулотнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда бир нечта рухсатнома ва сертификатлар талаб этилиши мумкин. Бундай ҳолатда рухсатнома ва вертификат берувчи органлар фаолиятининг самарадорлиги ва тезкорлигини ошириш, шу жумладан бу йўналишда барча тегишли идоралар ўртасида электрон ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим вазифа ҳисобланади.
Шу боисдан, жорий йилнинг 23 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда маъмурий тартиб-таомилларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4297 сон қарори қабул қилиниб, унга мувофиқ тегишли вазирлик ва идораларга “Ягона дарча” божхона ахборот тизимини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.
Тизим тадбиркрлик субъектларига қуйидаги имкониятларни яратади:
- импорт, экспорт ва транзитга тааллуқли барча тартибга солиш талабларини бажариш мақсадида стандартлаштирилган маълумотлар ва ҳужжатларни ягона ўтказиш каналидан фойдаланган ҳолда тақдим этилади;
- ахборот алмашинувнинг махфийлиги ва хавфсизлигини таъминловчи норматив-ҳуқуқий база билан мустаҳкамлаган ҳолда, ташқи савдо битимларига доир барча ахборотларни алмашиш имконияти юзага келади;
- давлат божхона хизмати, ваколатли органлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан рухсат этувчи ҳужжатларни расмийлаштиришнинг босқичларини масофадан кузатиш мумкин бўлади;
барча учун очиқ бўлган электрон шаклдаги рухсат этувчи ҳужжатлар реестрларини юритишга тўлиқ ўтилади;
- Ўзбекистон Республикаси ва хорижий мамлакатлардаги эпизоотик, карантин ва фитосанитария ҳолатлари тўғрисидаги очиқ маълумотларни энг сўнгги кўрсаткичлар ҳолатида ушлаб турилади;
- дастлабки маълумотлар асосида товарлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига амалда етиб келишига қадар рухсат берувчи характерга эга ҳужжатларни бериш йўлга қўйилади.
Бугунги кунга келиб, “Ягона дарча” божхона ахборот тизими ишлаб чиқилди ва синов тарзида ишга туширилди. 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб эса тизимни тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган.
Шу боисдан Навоий вилоятида божхона бошқармасида янги тизимнинг ишлаш принцпи билан яқиндан танишиш, бу йўналишда амалиётда юзага келиши мумкин бўлган муаммо ва камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш мақсадида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, тегишли вазирлик ва идора вакиллари, божхона ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этдилар.
Давра суҳбатида тизим ишга туширилииш натижасида яратиладиган қулайликлар ҳақида батафсил ахборот берилди.
Шунингдек, тадбиркорларнинг электрон рақамли имзосидан фойдаланган ҳолда рухсатнома ва сертификатлар олиш учун мурожжат йўллаш, мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнларини онлайн кузатиб бориш имкониятлари шунингдек, дастурдан фойдаланиш тартиби амалий мисоллар ёрдамида тушунтирилди.
Тадбир давомида тадбиркорлар томонидан “Ягона дарча” божхона ахборот тизимига оид берилган саволларга соҳа мутахассислари томонидан жавоб қайтарилди.
Учрашув сўнгида, барча тадбиркорлик субъекти вакилларига буклет ва инфографикалар тарқатилди.
24.12.2019