Жумладан, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Бош почтампт” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида фуқаролар Х.Г., К.А. ва Б.С. номига хориждан юборилган почта жўнатмалари амалдаги тартибларга кўра божхона кўригидан ўтказилди.
Натижада, мазкур жўнатмаларда декларацияда кўрсатилмаган таркибида психотроп моддаси бўлган 16 дона "Benylin", 50 дона "Dexamol Cold" ҳамда таркибида гиёҳвандлик моддаси мавжуд бўлган 38 дона "Rokacet Taro Caplest Taro" номли дори воситалари борлиги аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Xалқаро почта Конвенциясига асосан, почта жўнатмалари орқали психотроп ва наркотик воситаларнинг юборилиши қатъиян тақиқланган.
Ўзбекистон Республикаси “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Қонунининг 17-моддасида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни почта жўнатмаларида, шу жумладан халқаро почта жўнатмаларида жўнатиш тақиқланиши кўрсатиб ўтилган.
23.12.2019