Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Фоторепортаж: Божхоначилар ҳозирга қадар 2,8 млн. донадан зиёд пиротехника воситаларини тўхтатиб қолишди
1125
Янги йил яқинлашган сайин мўмай даромад илинжида пиротехника воситаларининг ноқонуний равишда олиб кириш ва пуллашга уринишлар тобора кўпроқ кўзга ташланмоқда.
Фоторепортаж: Божхоначилар ҳозирга қадар 2,8 млн. донадан зиёд пиротехника воситаларини тўхтатиб қолишди

Республикамиз божхоначилари томонидан бу турдаги маҳсулотларнинг божхона чегаралари орқали ноқонуний равишда олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги айланмасига чек қўйишга қаратилган чора-тадбирлар мунтазам давом эттирилмоқда.

Рақамларга мурожаат қилсак, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Давлат божхона қўмитаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 179 та божхона қонунбузилиши ҳолатларида қиймати 4.4 млрд. сўмлик 2,8 млн. донадан зиёд пиротехника воситаларининг ноқонуний олиб ўтилиши ва яширин айланмасига чек қўйилди.

Қуйида шу кунларда фош этилган айрим божхона қонунбузилишлари ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Жиззах вилояти

Жиззах вилояти божхоначилари томонидан Жиззах шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида  фуқаро У.Ж.нинг қўл сумкаси белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада, ушбу шахснинг ёнида 2 турдаги 12 минг дона пиротехника воситалари борлиги фош этилди.

Наманган вилояти

Наманган вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Наманган шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаролар А.Ж. ва С.М. қиймати 14,2 млн. сўмлик 7 турдаги 6224 дона пиротехника воситаларини сотаётган вақтида фош қилинди.

Наманган шахрида ўтказилган яна бир тезкор тадбир давомида аввалдан кузатувга олинган фуқаро А.Н. бошқарувидаги “Москвич” автомашинаси тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Натижада, автомашина салонида қиймати 6 млн. сўмлик, оғирлиги 24.5 кг. ни ташкил қилувчи 26400 дона пиротехника воситалари олиб кетилаётганлиги аниқланди.

Самарқанд вилояти

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш гуруҳи ходимлари томонидан Ургут туманида ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро И.Б.дан қиймати 6 млн. сўмдан ортиқ 7 кг .оғирликдаги жами 14 минг 400 дона пиротехника воситалари борлиги аниқланди ҳамда ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Сирдарё вилояти

Сирдарё    вилояти    божхона    бошқармаси   Контрабанда   ва  божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Янгиер шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Х.Э.нинг қўл сумкаси холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Натижада, ушбу шахснинг ёнида божхона расмийлаштируви ва сифатини тасдиқловчи биронта ҳам ҳужжатлари бўлмаган, қиймати 8,5 млн. сўмлик 13 минг 200 дона пиротехника воситалари борлиги аниқланди.

Мирзаобод туманида ўтказилган ҳамкорликдаги яна бир тезкор  тадбир  давомида фуқаро Б.А. ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган ва сифати кафолатланмаган 3 турдаги пиротехника воситаларини ноқонуний равишда сотаётган вақтида тўхтатиб қолинди.

Шу тариқа қиймати20 млн. сўмлик, 30,5 кг. оғирликдаги пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. 

Сурхондарё вилояти

Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари эса бошқа ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари билан ҳамкорликда Термиз шахрида пиротеника воситаларининг ноқонуний сақланиши ва олди сотди ҳолатларини  фош этишди.

Жумладан, Термиз шаҳридаги марказий деҳқон бозори олдида фуқаро Б.Ш. 7850 дона пиротехника воситасининг сотаётган вактида далилий ашё билан қўлга олинди.

Сариосиё туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса атторлик дўконларидан бирида фуқаро Э.Ш. томонидан 3150 дона пиротехника воситалари кейинчалик сотиш мақсадида ноқонуний равишда сақланаётганлиги аниқланди.

Тошкент халқаро аэропорти

«Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари пойтахтимиз аэропортида пиротехника воситаларини яширин равишда олиб киришга уринган шахсни тўхтатиб қолишди.

«Москва-Тошкент» рейси бўйича парвозини якунлаган йўловчи К.Н. 2 турдаги 20 дона пиротехника воситаларини багажига яширганча олиб киришга уринган вақтида тўхтатиб қолинди.

Қашқадарё вилояти

Қашқадарё вилоят божхоначилари томонидан  Ғузор туманида ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмаси фош этилди.

Тезкор тадбирда фуқаро Д.Б. 146 минг 400 дона пиротехника воситаларини 20,7 млн. сўмга сотаётган вақтида тўхтатиб қолинди.

Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, яна 2 нафар фуқаролар А.Ҳ. ва Қ.М.нинг яшаш хонадонлари белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада, ушбу хонадонларда ҳам 19 минг 866 дона пиротехника воситалари яшириб қўйилганлиги фош бўлди.

Шу тариқа жами 166 минг 266 дона пиротехника воситалари қонунбузарлардан олиб қўйилди.

Хоразм вилояти

Хоразм вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари ҳам ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига доир бир нечта ҳолатларни фош этишди.

Жумладан, Урганч туманида аввалдан кузатувга олинган фуқаро А.Р. бошқарувидаги “Нексия” русумли автотранспорт воситаси белгиланган тартибда тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада автомашина юкхонасида қиймати 7,2 млн. сўмлик 18 минг дона пиротехника воситалари борлиги аниқланди.

Хазорасп туманида эса фуқаро А.С. қиймати салкам 7 млн. сўмлик  2 турдаги жами 17 минг 400 дона пиротехника воситалари олиб қўйилди.  

Хонқа туманида ўтказилган тезкор тадбир натижасида аввалдан кузатувга олинган фуқаро В.М. бошқарувидаги  “Нексия” русумли автотранспорт воситаси холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада мазкур автомашина юкхонасида қиймати 12 млн. сўмлик  30 минг дона пиротехника воситалари ноқонуний равишда ташилаётганлиги фош бўлди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.

Шу ўринда юртдошларимиздан пиротехника воситаларининг ноқонуний олиб ўтилишига оид ва бошқа божхона қоидабузарликлари юзасидан Давлат божхона қўмитасининг Ишонч телефони – 11-08 рақамига қўнғироқ қилишингизни сўраймиз.

Унутманг, бу билан Сиз янги йил арафасида ўзингиз, оилангиз ва юртдошларимиз саломатлиги ҳамда хотиржамлигини таъминлашга ҳисса қўшган бўласиз.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

23.12.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг