Марказий сайлов комиссияси томонидан жами 825 нафар хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг кузатувчилари аккредитациядан ўтказилди ва уларга мандатлар топширилди.
Демак, бугунги сайловларни 9 халқаро ташкилот ва 41 хорижий давлат вакиллари кузатиб бормоқда. Шунингдек, сайловни ёритиш учун хорижий журналистлар ҳам ташриф буюришган.
Улар қаторида Испания-Ўзбекистон муносабатларини ривожлантириш уюшмаси Президенти, Испан-рус Евроосиё обсерваторияси раиси Фернандо Морагон ҳам бор.
Геосиёсат, тарих ва география соҳасидаги таниқли экспертлардан бири Фернандо Морагонни жамоатчилигимиз Испаниянинг машҳур “Diario arbat” нашрида чоп қилинган “Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “тинч инқилоби”” сарлавҳали мақоласи орқали яхши танишади.
Фернандо Морагон Ўзбекистонга ташрифи доирасида 22 декабрь куни сайлов жараёнларини кузатиш билан бир қаторда Давлат божхона қўмитасининг “Божхона тарихи” музейида ҳам бўлди.
Ўзбекистон божхонасининг тарихи ва бугуни акс этган музей экспозицияси билан танишар экан, меҳмонда Амир Темур ва темурийлар давридаги божхонага доир маълумотлар алоҳида қизиқиш уйғотди.
Сабаби, ўша даврда Европа, Осиё ва яқин Шарқ давлатлари билан амалга оширилган ўзаро ҳамкорлир ва савдо-сотиқ ишлари божхонага доир муносабатларнинг такомиллашувига хизмат қилган.
Амир Темурнинг Франция, Англия, Генуя, Византия, Испания каби давлатлар билан сиёсий, иқтисодий, савдо алоқаларини ўрнатганини Соҳибқирон ҳузурига мунтазам келиб турган элчилар ҳам тасдиқлайди.
Жумладан, 1404 йили Кастилия (Испания) қироли Генрих III элчиси Руи Гонсалес де Клавихо ҳам Самарқандга ташриф буюриб, бир мунча муддат яшаган ва “Темур саройига саёҳат” номли эсдаликларини ёзган.
- Мен Ўзбекистонга ҳар гал келганимда ўзгаришларни, янгиланишлари ҳис қиламан, - дейди биз билан суҳбатда жаноб Морагон. - Бу фикрларимни божхона соҳаси мисолида ҳам айтишим мумкин. Тошкент халқаро аэропортидан кириб келган заҳоти мамлакатингиз ҳақидаги илиқ таассуротлар шаклланади. Чунки, божхонадан ҳеч қандай оворагарчиликларсиз, бир зумда ўтдим. Худди Европада бўлгани каби бу ерда ҳам “яшил” ва “қизил” йўлакларнинг жорий этилганини олқишлайман. Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган муҳим сиёсий жараён – сайловларга кузатувчилик қилаётганимдан мамнунман. Тан олиш керак, сайловга жуда катта тараддуд ва масъулият билан ёндошилган. Айниқса, Ўзбекистон фуқароларини сайловдаги фаоллиги таҳсинга сазовор.
22.12.2019