Хусусан, божхона ишига оид бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига киритилган ўзгаришларни мазмун-моҳиятини ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари ва тадбиркорларга етказиш мақсадида “Урганч” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида ўқув семинари ташкил этилди.
Семинарда мутахассислар томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 31 октябрдаги “Божхона маъмуриятчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-577-сон Қонуни қабул қилинганлиги, қонунга мувофиқ ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун ҳуқуқий таъсир чораларини кучайтириш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги ҳақида тўлиқ маълумотлар берилди.
Жумладан, учрашувда божхона идентификация воситаларини яъни пломба, муҳр, тамға, штамп ва бошқаларни ўзгартириш, йўқ қилиш, шикастлаш ёки йўқотиш, шунингдек, божхона назорати остидаги товарлар юкланган транспорт воситалари юкхонасини қонунга хилоф равишда очганлик учун, фуқароларга энг кам ойлик иш ҳақининг 10 бараваридан 20 бараваригача, мансабдор шахсларга эса - 20 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима белгиланганлиги таъкидланди.
Шунингдек, 2020 йилнинг 2 февралидан бошлаб амалиётга жорий қилинадиган божхона расмийлаштируви якунланмаган ва божхона назорати остида турган товарларни қонунга хилоф равишда тасарруф этганлик учун жарима санкциялари миқдори оширилгани тўғрисида маълумотлар бериб ўтилди.
Семинар якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар олдилар.
21.12.2019