Тадбирда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Т.Режапов сўзга чиқиб, бугунги кунда ҳар бир соҳада коррупцияни илдизини қуритиб, таг-томири билан йўқотиш, аҳолининг қонунларга ҳурмат ҳиссини юксалтириш, ҳуқуқий демократик давлатни барпо этишда бундай салбий илллатларга кескин қарши кураш муҳим вазифалардан бири эканлигини таъкидлади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш мақсадида бир қанча ишлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 май куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729-сонли Фармонидир. Мазкур Фармон билан “2019-2020 йилларда коррупцияга қарши кураш давлат дастури” ҳам тасдиқланган эди.
Давлат дастурида коррупцияга қарши кураш йўналишида қатор вазифалар белгилаб берилган бўлиб, булар:
- аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантириш;
- давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;
- коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, имконият яратувчи сабаблар, шарт-шароитлар ва оқибатларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принцини таъминлаш;
- коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича халқаро ҳамкорлик.
Ислоҳотларни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилди, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилинди.
Шу билан бирга, иқтисодиётни янада ўстириш, халқ фаровонлигини ошириш, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда коррупция кўринишларининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш бўйича янги тизимли чоралар кўрилишини тақозо этмоқда.
Тадбирда асосий эътибор божхона органларида коррупцияга қарши кураш борасида амалга оширилаётган ишларга қаратилди. Шунингдек, ходимларнинг хизмат давомида зиммасига юкланган вазифаларни қай даражада адо этаётганлиги, ҳушёрлиги ва огоҳлигини синовдан ўтказиш бўйича текширув натижаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир давомида иштирокчиларга коррупцияга қарши кураш мавзусида тайёрланган буклет тарқатилди ҳамда махсус видеоролик намойиш этилди.
Шунингдек, тадбир иштирокчиларига божхона соҳасига оид таклиф мулоҳаза ва мурожаатлар юзасидан Давлат божхона қўмитасининг узлуксиз фаолият юритувчи қисқа 11-08 “Ишонч телефони” рақами ҳамда Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг (78)120-76-76 рақамли телефонига қўнғироқ қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.
Тадбир сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди.
17.12.2019