Яқинда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Келес” темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан “Тошкент-Москва” рейси бўйича республикамиздан чиқиб кетаётган йўловчи поездининг вагон-ресторанида божхона қоидабузарлиги фош қилинди.
Ресторан хизматчиси экспорт қилиниши фақатгина Президент ва хуқумат қарорлари билан амалга ошириладиган товарлар сирасига кирувчи гўшт маҳсулотлари – яъни қазини божхона назоратидан яширинча олиб чиқмоқчи бўлган пайтда тўхтатиб қолинди.
Қаранг-ки, ушбу шахс қиймати 32 млн. сўмлик 458 кг. от гўштидан тайёрланган ушбу маҳсулотлар ҳақида йўловчи божхона декларациясида ҳам, божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида ҳам маълум қилмаган экан.
«Тошкент-АЭРО» ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан ҳам республикамизга сифати кафолатланмаган озиқ-овқат маҳсулотларининг олиб кирилишига доир навбатдаги божхона қоидабузарлиги фош этилди.
"Тошкент халқаро аэропорт" чегара божхона постида Москвадан учиб келган 2 нафар йўловчи “яшил” йўлак орқали ҳаракатланаётиб, ўзларини гўёки ёнларида ортиқча юклари йўқдек тутишади.
Аммо, уларга тегишли юклар белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида, юклар орасида сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 200 кг. балиқ увилдириқларини яъни икра маҳсулотларини ноқонуний равишда олиб киришаётгани маълум бўлди. Мазкур озиқ-овқат маҳсулотининг умумий қиимайти дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 31 млн. сўмдан ортар экан.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
15.08.2018