Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначилар ўқувчиларни пиротехниканинг салбий оқибатларидан огоҳлантиришди
3351
Янги йил яқинлашган сайин кун тартибига чиқадиган пиротехника воситаларининг ноқонуний муомаласи мавзуси тобора долзарб тус олаётгани бежиз эмас. Ижтимоий тармоқларда аллақачон пиротехникадан фойдаланишнинг аянчли оқибатлари акс этган видеолар ҳам тарқалиб улгурмоқда.
Божхоначилар ўқувчиларни пиротехниканинг салбий оқибатларидан огоҳлантиришди

Осойишталик, ёнғин хавфсизлиги ва энг аввало саломатликка жиддий хавф туғдирадиган бу турдаги воситаларнинг зарари ва оқибатлари ҳақида давлат божхона хизмати органлари томонидан ҳам кенг миқёсдаги тушунтириш-тарғибот ишлари амалга оширилмоқда.

Хусусан, умумтаълим мактабларида ўтказилаётган учрашувларда ўқувчи ёшларни бу зарарли одатдан қайтариш янги йилни оила даврасида хурсандчиликда қарши олишда муҳим эканлиги таъкидланмоқда.
Ана шундай тадбирларнинг навбатдагиси Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати ва Божхона институти билан ҳамкорликда пойтахтимизнинг Шайҳонтоҳур туманидаги 254-умумтаълим мактабида бўлиб ўтди. Ўқувчилар билан самимий мулоқот шаклида кечган тадбирда пиротехника воситаларидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш қандай салбий оқибатларга олиб келиши ҳаётий мисоллар билан тушунтириб берилди. Ўқувчилар эътиборига айни шу мавзуда тайёрланган турли ижтимоий видеороликлар намойиш этилди. Пиротехника воситаларини ноқонуний равишда олиб ўтиш чоғида фош қилинган шахслар ҳақида маълумотлар берилди. 

Ҳа, бу каби манзараларни кузатар эканмиз, пиротехника воситалаларининг ноқонуний муомаласига қарши курашда нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари балки фаол фуқаролик позициясига эга шахс сифатида ҳар биримиз бундай ҳолатларга қарши турмоғимиз шарт.
Зеро, гап осойишталигимиз, хавфсизлигимиз ва энг аввало, фарзандларимиз – эртамиз эгаларининг саломатлиги ҳақида кетар экан, лоқайд бўлишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ.

13.12.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг