Юридик нуқтаи назардан коррупция бу – мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноят тури ҳисобланади.
“Коррупция” атамаси “бузиш, пора эвазига оғдириш” деган маънони англатадиган лотинча “corruptio” сўзидан келиб чиққан. Юридик энциклопедияларда, ““коррупция – мансабдор шахслар томонидан уларга берилган ҳуқуқлар ва ҳокимият имкониятларидан шахсий бойлик орттириш учун фойдаланишда ифодаланувчи сиёсат ёки давлат бошқаруви соҳасидаги жиноий фаолиятдир” дея таърифланади.
Шуни айтиб ўтиш лозимки, коррупция фақат молиявий ресурслар орқали бартараф қилинадиган муаммо эмас. Буни, дунёда иқтисодий жиҳатдан ривожланган баъзи давлатларда ҳам коррупцион ҳолатлар мавжудлиги, ёки ойлик маоши юқори бўлган давлат хизматчилари орасида ҳам коррупцион ҳолатларининг учраб туриши мисолида кўришимиз мумкин.
Демак, коррупцияга қарши самарали кураш олиб бориш учун пухта ўйланган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиши лозим.
Бу борада мамлакатимиз, хусусан божхона органларида ҳам қатор ишлар олиб борилмоқда.
Навоий вилояти божхона бошқармасида шахсий таркиб иштирокида ташкил этилган навбатдаги маънавият-маърифат машғулотида ҳам шу хусусида фикр юритилди. Тадбирда вилоят Адлия бошқармасининг масъул вакили Ш.Зайниев иштирок этиб, бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш мақсадида олиб борилаётган ишлар, унинг ҳуқуқий асослари ҳақида йиғилганларга батафсил тушунча берилди.
Шунингдек, коррупцияга қарши курашда хорижий давлатлар тажрибаси, бу борада аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти ҳамда жамоатчилик назоратининг тутган ўрни ҳақида фикр юритилди
Тадбир сўнгида иштирокчиларга коррупцияга қарши кураш йўналишида тайёрланган махсус видеоролик намойиш этилди.
12.12.2019