Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонунининг қоидаларини амалга ошириш бўйича Давлат дастури ижроси доирасида, шунингдек “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” муносабати билан Хоразм вилояти божхона бошқармасида “Очиқ эшиклар куни” бўлиб ўтди.
Тадбирда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва чек қўйиш, бунга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш борасида республикамизда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
Давра суҳбатида божхона органларида коррупцияга қарши кураш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам атрофлича таҳлил қилинди.
Тадбирда Хоразм вилояти божхона бошқармаси томонидан 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида 60 дан ортиқ профилактик маърузалар, учрашувлар, индивидуал тартибда профилактик тарбиявий ишлар ва суҳбатлар ўтказилгани таъкидланди.
Шунингдек, бошқарманинг барча ташқи иқтисодий фаолият ва чегара божхона постларидаги мавжуд мониторлар орқали йўловчилар ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун доимий равишда коррупциянинг мудҳиш оқибатларидан огоҳлантирувчи ижтимоий видеороликлар намойиши йўлга қўйилгани айтиб ўтилди.
Шу билан бирга, Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли “Ишонч телефони” йўлга қўйилганлиги, у орқали фуқаролар божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар ёки божхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан хабар беришлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.
Давра суҳбатида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди.
9.12.2019