Маълумки, ҳар йили дунё бўйлаб 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни кенг нишонланади. 2003 йилнинг айни шу санасида Мерида шаҳрида (Мексика) дунёнинг 100 дан ортиқ давлат вакиллари иштирокида бўлиб ўтган сиёсий конференцияда БМТнинг Коррупцияга қарши кураш конвенцияси имзоланган эди. Бугунга келиб 172 давлат мазкур Конвенцияга аъзо ҳисобланади. Шу жумладан Ўзбекистон Республикаси ҳам БМТнинг Коррупцияга қарши курашиш конвенциясидаги халқаро мажбуриятларни ўз зиммасига олган.
Дарҳақиқат, коррупцияга қарши кураш бугунги куннинг энг долзарб муаммоларидан бирига айланди ва унга қарши жиддий ва кескин кураш олиб бориш зарурлигини вазиятнинг ўзи тақозо этмоқда. Ҳозирги глобаллашув жараёни жадаллашиб бораётган мураккаб бир шароитда коррупция чегара билмас муаммога айланди ва коррупция келтириб чиқараётган оқибатлар жамиятни ич-ичидан емириб, пароканда қилиб ташлаш хавфини солмоқда.
Бундай хавфларни эрта аниқлаш, олдини олиш мақсадида Фарғона вилояти божхона бошқармасида коррупцияга қарши курашишда вилоят ҳудудида хуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда божхона ходимлари учун «Очиқ эшиклар куни» ўтказилди.
Тадбирда Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти Риштон тумани суди Раиси Н.Пайғамов, вилоят прокуратураси бўлим прокурори И.Тошқўзиев, Адлия бошқармаси етакчи маслаҳатчиси С.Эшонов ҳамда вилоят Давлат хавфсизлик хизмати масъул ходимлари иштирок этиб коррупцияга қарши курашишда ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларнинг роли ҳақида сўз юритишди.
Божхона ходимлари учун коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва чек қўйиш, бунга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш борасида республикамизда амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусан, божхона органларида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш сабаблари, шароитлари ва уларнинг барвақт профилактикаси ҳамда бартараф этиш бўйича соҳавий хизматларда кўриладиган чоралар тўғрисида аниқ маълумотлар берилди.
«Очиқ эшиклар куни»да божхона органларида коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари тўғрисида»ги қарори (2.03.2016 йилдаги 62-сон) ижроси доирасида божхона органларида тарбиявий-профилактик ишларни кучайтириш, шахсий таркибнинг муносиб хулқ-атворда бўлишини таъминлаш, бурчга садоқатини мустаҳкамлаш, тизимга доғ туширувчи турли салбий ҳолатларга йўл қўйилиши олдини олиш мақсадида давлат божхона хизмати органларининг одоб-ахлоқ қоидалари ва уларни қўллаш бўйича йўриқнома яна бир бор хар бир ходимнинг онгига сингдирилди.
Тадбир давомида иштирокчилар учун коррупциянинг мудҳиш оқибатларидан огоҳлантирувчи видеолавҳалар намойиш этилди.
9.12.2019