Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначилар иштирокида сайлов тарғиботига оид тадбир ўтказилди
1264
Барчамизга маълумки, жорий йил сўнггида бутун мамлакатимиз бўйлаб ғоятда катта сиёсий тадбир – Олий Мажлис қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман,шаҳар кенгашларига сайловлар бўлиб ўтиши кутилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки бу йилги сайловлар олдингиларидан тубдан фарқ қилмоқда. Буни сайлов қонунчилигига киритилган ўзгаришлар, сайловларда иштирок этадиган партиялар ва уларнинг сайловолди дастурларидан ҳам билишимиз мумкин.
Божхоначилар иштирокида сайлов тарғиботига  оид тадбир ўтказилди

Шу боисдан ҳозирда Республикамизнинг барча ҳудудларида сайловолди тарғибот учрашувлари ўтказиб келинмоқда. Хусусан, Навоий вилояти божхона бошқармасида ўтказилган навбатдаги маънавият-маърифат машғулоти ҳам айни шу масалаларга бағишланди. Тадбирда вилоят сайлов комиссияси ва Адлия бошқармасининг масъул ходимлари иштирок этишиб, ходимларга бу йилги сайловларни ўтказиш тартиби, вилоят бўйлаб ташкил этиладиган сайлов округлари ва участкалари, сайловларни ўтказишда марказий сайлов комиссияининг ваколатлари ҳамда  сайлов жараёнларига оид бошқа бир қатор янгиликлар ҳақида маълумот бердилар.

Хусусан, вилоят сайлов комиссиясининг вакили Д.Тухтафатулинанинг фикрича бу йилги сайловларда республика бўйича сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилади. Натижада, ҳар бир сайловчининг овоз берганлиги бўйича маълумот ягона базада шаклланиб, бутун оила номидан бир киши келиб овоз бериши каби ҳолларга буткул барҳам берилади.

Бундан ташқари шу пайтга қадар аксарият фуқаролар айнан қайси сайлов участкасига бориб овоз беришлари ҳақида маълумотга эга бўлмаганлар. Янги тартибга кўра, фуқаролар электрон базага паспорт маълумотларини киритиш орқали боришлари лозим бўлган участка ва унинг манзили ҳақида маълумотга эга бўлишлари айтиб ўтилди.

Тадбир давомида, сайловларни адолатли ва шаффоф ўтказиш учун марказий сайлов комиссияси томонидан амалга оширилаётган бошқа бир қатор тадбирлар ҳақида ҳам атрофлича маълумот бериб ўтилди.

9.12.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг