Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона институтида коррупцияга қарши кураш мавзусида ижодий танлов ўтказилди
890
Декабрь ойи давлат божхона органлари тизимида “Коррупцияга қарши кураш ойлиги” деб эълон қилинган бўлиб, ойлик доирасида Давлат божхона қўмитасининг ҳудудий ва таркибий тузилмаларида турли учрашувлар, тарғибот тадбирлари ва давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.
Божхона институтида коррупцияга қарши кураш мавзусида ижодий танлов ўтказилди

“9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” муносабати билан Божхона институти курсантлари ўртасида коррупцияга қарши кураш йўналишида “Энг яхши деворий плакат” ва “Энг яхши иншо” номинацияларида ижодий кўрик-танлов ўтказилди.

Давлат ва жамият ривожига, халқнинг адолатга, эртанги истиқболга бўлган ишончига жиддий путур етказадиган хавфлардан бири коррупциядир. Мамлакатимизда кейинги йилларда коррупцияга қарши кескин курашиш ҳамда унинг олдини олиш борасида аниқ чоралар  белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунида  аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида  белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729 Фармони билан тасдиқланган 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш Давлат дастурида ёшларда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаол дунёқараш ва мустаҳкам фуқаролик нуқтаи назарини шакллантирадиган чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган.

Божхона институтида Ўз хавфсизлик бўлими ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг мазкур олий ўқув юртидаги бошланғич ташкилоти ҳамкорликда ташкил этилган ижодий кўрик-танлов ҳам шу йўналишдаги ишларнинг амалий ифодасидир.

Танловда қатнашиш орқали курсантлар коррупцияга қарши кураш соҳасида олиб борилаётган давлат сиёсатининг мазмун-моҳиятини нечоғлик ўзлаштирганликлари,  ҳуқуқий саводхонликларини намойиш қилишди.

Танловга тақдим этилган ижодий ишларни кўздан кечиришда  мавзу ва ғоянинг тўлиқ очиб берилганлиги, сўз ва суратларда муаммони таъсирчан усулларда тасвирлаш маҳорати, оригинал ечим каби жиҳатлар инобатга олинди.

Якунда эса танловда фаол иштирок этиб, ўзининг билим ва истеъдоди билан ғолибликни қўлга киритган бир қатор курсантлар Институт раҳбарияти томонидан эсдалик дипломлар билан тақдирланди.

 

9.12.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг