Чунки, коррупция ҳар қандай мамлакат тараққиётига жиддий путур етказади. Дунё иқтисодиётига йилига коррупция сабабли 2,6 триллион АҚШ доллари миқдорида зарар етади. Энг аянчлиси, коррупция туфайли фуқароларнинг ижтимоий-адолат ва давлат органларига бўлган ишончи сўнади.
Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари мавжуд. Республикамиз БМТнинг “Коррупцияга қарши конвенцияси”га 2008 йили аъзо бўлган. Бундан ташқари бу борадаги қонунчилик базасини мустаҳкамлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Парламент назорати тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги ҳамда “Давлат харидлари тўғрисида”ги қатор Қонунлари қабул қилинган. Қолаверса, ҳозирги вақтда “Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси фаолият юритмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида “9-декабрь Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” муносабати билан ўтказилган тадбирда мана шу масалалар муҳокама қилинди.
Қорақалпоғистон Республикаси Прокуратураси, Адлия Вазирлиги мутасадди ходимлари ҳамда божхона органлари ходимлари иштирок этган ушбу тадбирда коррупциянинг асл маъносидан бошлаб, унинг келиб чиқиш сабаблари, коррупциянинг рўй бериш шакллари, ушбу йўналишда ҳаётга тадбиқ этилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг аҳамияти, ҳар бир инсоннинг давлат, келажак, энг аввало ўз нафси олдидаги жавобгарлиги, ушбу иллатнинг жамият ва давлат ривожига таъсири, шунингдек, коррупция иллатларининг билиб-билмай қурбонига айланган айрим замондошларимизнинг аянчли тақдири ҳақида сўз юритилди.
Юртимизда коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш, тадбиркорлик субъектлари учун қулай бизнес муҳитини яратиш туфайли республикамизнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш мақсадида жорий йилнинг 27 май куни “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари ҳақида”ги ПФ-5729-сонли Фармони қабул қилинди.
Тадбирда ушбу Фармон билан давлат идоралари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар зиммасига юклатилган вазифалар, фармон талабларидан келиб чиқиб ишлаб чиқилган Давлат дастури ва чора-тадбирлардан келиб чиқиб амалга оширишимиз керак бўлган ишлар ҳақида йиғилганларга батафсил маълумотлар берилди.
Бир сўз билан айтганда, коррупция ҳамманинг душмани, коррупция ҳаммага зарар етказади. Бу иллатга қарши нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, айни вақтда кенг жамоатчилик ҳам фаол курашмоғи лозим. Шу маънода, Президентимиз томонидан олға сурилаётган ташаббуслар, тадбиқ этилаётган янги тартиб-таомиллар коррупциясиз жамият қуришимизда муҳим ўрин тутади.
7.12.2019