Дарҳақиқат, Конституциямизда бир қатор ўзига хос жиҳатлари борки, бу омиллар мамлакатимизда инсон шаъни, қадр-қиммати энг олий қадрият эканлигини исботлайди. Яна бир муҳим жиҳат бу – бош қомусимизнинг “Ўзбекистон халқи” деб бошланишидир. Бундай жумлаларни бошқа бирон-бир ҳужжатда учратмаймиз. Шунинг ўзи ҳам халқ ҳокимиятчилигининг ёрқин далолатидир. Конституцияда халқ суверенитети ҳам алоҳида эътироф этилган. Хусусан, унда “демократия” ва “демократик” сўзлари 7 маротаба, “халқ” сўзи эса 24 маротаба қўлланилган.
Конституциямизнинг яна бир хусусияти унинг ихчамлигидир. Агар дунё конституцияларида ишлатилган сўзлар миқдори бўйича таҳлилларга мурожаат қиладиган бўлсак, мамлакатимиз конституцияси 190 та давлат ичида 29-ўринни эгаллаган.
Бугун республикамизнинг барча гўшаларида Конституциямиз қабул қилинганлигининг 27 йиллиги кенг нишонланмоқда. Хусусан, Навоий вилояти божхона бошқармасида ҳам ушбу айём муносабати билан байрам тадбири ўтказилди. Тадбирни вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Б.Қутлимуратов кириш сўзи билан очиб, барча ходимларни байрам билан муборакбод этди. Шундан сўнг, ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан бажараётган, фидойи ходимлар ҳамда байрам арафасида ўтказилган спорт мусобақалари ғолиблари диплом ҳамда фахрий ёрлиқлар, эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Албатта, бу каби юксак эътибор ва эътироф ходимлар кўнглига чексиз қувонч туйғуларини бахш этиб, уларни янгидан-янги марраларни эгаллашга ундайди.
7.12.2019