Шуни айтиш лозимки, янги йил байрами арафасида пиротехника воситаларидан фойдаланмаслик содир бўладиган кўплаб нохушликларнинг олдини олади. Бунда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қаторида ҳар бир ота-она, маҳалла-кўй, таълим муассасалари мутасаддилари бирдек масъул.
Куни кеча Самарқандлик божхоначилар пиротехника воситаларини кўча-кўйда пуллаш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Самарқанд шаҳрида тезкор тадбир ўтказишди.
Тадбир давомида “Нексия” русумли автомошинанинг юкхонасида фуқаро Ш.Б.га тегишли бўлган, умумий қиймати 12 миллион сўмдан зиёд, жами 9 турдаги 7 766 дона пиротехника воситалари борлиги аниқланди ҳамда ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан дастлабки божхона суриштирувлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтиш жоизки, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, мамлакатимизга олиб кириш, ташиш, сақлаш ва сотиш тақиқланган. Бундай ҳаракатлар учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185(1)-моддаси ҳамда Жиноят кодексининг 250(1)-моддасида тегишли жавобгарлик ва жазо чоралари белгиланган.
7.12.2019