Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Сифатига ким кафил?
1715
Республикамиз ҳудудига четдан товар-моддий бойликларни импорт қилиш бўйича аниқ ва самарали тартиблар ишлаб чиқилган бўлиб, бунда энг аввало юртдошларимиз саломатлиги, шунингдек ички ишлаб чиқарувчилар манфаатлари ҳам алоҳида эътиборга олинган.
Сифатига ким кафил?

Афсуски, амалдаги тартибларга риоя қилмай, натижада ички бозорни сифатсиз маҳсулотлар билан тўлдиришга ҳаракат қилаётган “ишбилармон”лар ҳам йўқ эмас.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан сифати кафолатланмаган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган парфюмерия ва косметика маҳсулотларининг олиб ўтилишига чек қўйилмоқда.

Жумладан, “Келес” темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан “Алмата-Нукус” йўналишидаги поезднинг йўловчиси қўшни давлат фуқароси М.Мусаев  (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) умумий қиймати салкам 3 млн. сўмлик 254 дона турли хил косметика товарларини вагоннинг ўриндиқлари тагига яшириб, олиб келаётгани аниқланди.

Шунингдек, “Бош почтампт” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан Россия давлатидан Д.Асадова номига келган почта жўнатмалари  божхона кўригидан ўтказилганида CN23 божхона декларацияларида кўрсатилмаган 177 та парфюмерия ва дори  воситалари борлиги маълум бўлди. Ҳорижда ишлаб чиқарилган мазкур парфюмерия ва дори  воситаларининг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 154 млн. сўмдан ошар экан.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Шу ўринда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси фуқаролардан божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар ёки божхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан 120-76-71 ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари мумкинлигини эслатади.

Тошкент шаҳар

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

14.08.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг