Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳамда Туркия ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очилди. Бунга Президентларимизнинг сиёсий иродаси, қатъияти муҳим асос бўлди. Яъни икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги дўстона алоқалар, мунтазамлик касб этаётган учрашувлар, самимий мулоқотлар ўзаро ҳамкорлик ривожига катта туртки бермоқда.
Ўзаро ташрифлар асносида Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, қишлоқ хўжалиги, транспорт, туризм, илм-фан ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик ривожланиб бормоқда.
Буни сўнгги вақтларда кузатилаётган Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг ижобий динамикаси ҳам тасдиқлайди. 2019 йилнинг ўтган 11 ойи якунлари бўйича ўзаро товар айланмаси ҳажми 26,2%га ортиб, қарийиб 2,2 млрд. долларни ташкил этди.
Айни пайтда юртимизда жорий этилган қулай инвестициявий муҳит натижасида Туркия капитали иштирокида 1181 та корхоналар фаолият юритмоқда.
Учрашувда меҳмонга мамлакатимиз божхона тизимида тадбиркорлик субъектлари учун жорий қилинаётган қулайликлар ва енгилликлар ҳақида батафсил ахбортлар берилди.
Хусусан, Президентимиз ташаббуслари билан божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларига тадбиқ қилинган Хавфни бошқариш тизими натижасида Жаҳон банкининг “Doing Buziness” халқаро рейтингида Ўзбекистон 13 поғона юқорига кўтарилди.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама фойдали алоқаларни ўрнатилиши божхона соҳасидаги муносабатларга ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда. Икки давлат божхона хизматлари ўртасидаги ҳамкорлик 2 та ҳукуматлараро ва 2 та идоралараро халқаро Битимлар асосида амалга оширилмоқда.
Ўзаро ҳамкорликнинг яна бир ёрқин ҳодисаси сифатида 2018 йил 30 апрелида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан Туркия Республикаси Божхона ва савдо вазирлиги ўртасидаги Қўшма божхона кенгашини ташкил этилганлиги таъкидлаш мумкин.
Жорий йилнинг 11-13 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида мазкур кенгашнинг илк мажлиси Туркия Савдо вазири ўринбосари - Божхона департаменти раҳбари муҳтарам Ризо Тўна Тўрағай бошчилигидаги делегация иштирокида муваффаққиятли ўтказилди.
Қўшма божхона кенгаши доирасида бир қатор масалалар бўйича келишувларга эришилди. Жумладан, логистика терминаллари фаолиятини ташкил қилиш, соҳага энг янги ахборот технологияларини жорий этиш, хавфларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш, ҳамда икки мамлакат чегаралари орқали товарлар ва транспорт воситаларининг ўтиши ҳақида олдиндан ахборот алмашиш тўғрисида Баённома ва Ташқи савдо статистикаси соҳасида методологик ва ахборий ҳамкорлик қилиш тўғрисида Баённомаларни имзолашга келишиб олинди.
Самимий, очиқ ва конструктив руҳда бўлиб ўтган учрашувда томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни янада яхшилаш ва ривожлантириш учун барча имкониятидан унумли фойдаланиб, ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшишларини таъкидлашди.
6.12.2019