Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Янги қарор лойиҳаси: Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларнинг мақсадини аниқлаш тартиби такомиллашади
1231
Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Давлат божхона қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларнинг мақсадини аниқлаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилиб, жамоатчилик муҳокамасига ҳавола қилинди.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йилнинг 7 ноябрдаги “Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-4508-сон қарорининг 4-банди ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжат асосан:

жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали шахсий эҳтиёжлари учун олиб ўтиладиган товарларнинг мақсадини аниқлаш тартибини белгилашга;

божхона органларининг ҳуқуқий асослари такомиллашишига;

амалдаги қонун ҳужжатлари ҳамда мамлакатимизда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларга уйғунлашишига;

божхона органларининг хизмат вазифаларини бажариш чоғида қонунийлик, очиқлик, шаффофлик ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини самарали амалга ошириш юзасидан қўшимча ҳуқуқий механизмларнинг янада яхшиланишига қаратилган.

Қарор лойиҳасини ишлаб чиқишда, Евроосиё иқтисодий иттифоқи давлатлари, Япония, Озарбайжон ва Норвегия каби ривожланган хорижий давлатларнинг амалиёти ўрганиб чиқилган.

Ҳозирда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси мутасадди вазирлик ва идоралар билан келишилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–3666-сон қарори талаблари асосида Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштирилган.

Муҳокамалар жорий йилнинг 20 декабрига қадар давом этади. Сиз ҳам унда иштирок этиб, лойиҳа юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларингизни билдиришингиз мумкин.

Божхона маъмуриятчилигининг илғор

ва инновацион усулларини жорий этиш бошқармаси

5.12.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг