Ўзбекистонда олиб борилаётган туб ислоҳотлар шароитида давлат қурилиши ва ҳуқуқий сиёсатнинг мазмун ва моҳиятини аниқлаштириш, унинг мақсад ва вазифаларини ислоҳотларнинг бугунги тараққиёти асосида шакллантириб бориш, инсон манфаатларини таъминлашнинг стратегик жиҳатдан янги воситалар билан бир қаторда, ҳам тактик хусусиятга эга бўлган янги усулларни қўллаш, шахс ҳамда жамият манфаатларини янада самаралироқ ҳимоя қилиш, коррупциянинг олдини олишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш эҳтиёжи вужудга келиши билан белгиланади.
Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида тизимли ва изчил амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни бунга яққол далилдир. Қонуннинг мақсади коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.
Давлат божхона хизмати органлари тизимида ҳам коррупцияга қарши курашиш соҳасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида Давлат божхона Қўмитаси томонидан 266-сон “Давлат божхона хизмати органлари ходимлари ўртасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этилишининг олдини олиш чора-тадбирларини янада такомиллаштириш” тўғрисида буйруғи қабул қилинган.
Ушбу буйруқ талабларига мувофиқ, божхона органлари ходимларига ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан бирор-бир моддий бойликларни олиш ёҳуд жисмоний ёки юридик шахслардан бошқача наф кўриш тақиқланган.
Шунингдек, божхона органлари ходимлари коррупция ҳолатларига қарши курашиши ва уларнинг профилактикасида фаол қатнашиши, ходим ўз раҳбарини ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини уларни ҳуқуқбузарликлар содир этишга оғдириш мақсадида бирор-бир шахсларнинг қилган мурожаатларининг барча ҳолатлари тўғрисида, шунингдек бошқа давлат хизматчилари томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлган ҳар қандай ҳолатлари ҳақида хабардор қилиши шарт.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 2016 йил 2 мартдаги 62-сон қарори талаблари ижросини таъминлаш мақсадида Давлат божхона қўмитасининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари” қабул қилинган.
Божхона органлари ходимлари ўз хизмат вазифаларини бажаришда манфаатлар тўқнашувига сабаб бўладиган шахсий манфаатдорлик ҳолатларига йўл қўймаслиги белгилаб берилган. Божхона органлари ходимларининг шахсий манфаатдорлиги уларнинг шахсан ўзи, яқин қариндошлари, шунингдек улар яқин ёки ишга алоқадорлик муносабатларида бўладиган бошқа шахслар учун ҳар қандай наф кўриш ёки афзалликларига эга бўлишни ўз ичига олади.
Манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда ўз раҳбарини дарҳол хабардор қилиши кераклиги, манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисидаги маълумотни олган раҳбар уни тартибга келтириш бўйича ўз вақтида чоралар кўриши шартлиги кўрсатиб ўтилган.
Бундан ташқари божхона хизмати органлари томонидан коррупцияга қарши кураш бўйича ходимларнинг яқин-қариндошлари ҳамда хар бир ходим суҳбат билан профилактик суҳбат ўтказиш, чегара божхона постларда фуқаролардан аноним сўров ўтказиш ишлари йўлга қўйилган. Олиб борилаётган хар бир ишларнинг асосий мақсад ва ғояси битта - “Биз коррупцияга қаршимиз!”
Хулоса қилиб айтганда, тараққиёт кушандаси, одамларни йўлдан оздирувчи қабоҳат — коррупция аталмиш жиноятга қарши кескин курашиш, унинг йўлига қатъий тўсиқ қўйиш эртанги кунимизнинг фаровонлигига, халқимизнинг давлатимиздан рози бўлиб яшашида ҳал қилувчи роллардан бирини ўйнайди.
С.Раҳимов,
М.Юлдашев
Давлат божхона қўмитаси ходимлари
30.11.2019